Ўзбекистонлик ёш дзюдочилар Осиё чемпионатида 22 та медални қўлга киритишди
17 июл 2017, 18:19 3943 кўрилди

alt

13-16 июль кунлари Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри дзюдо бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилди.

Мусобақанинг дастлабки икки кунида ёшлар ўртасида ташкил этилган қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 3 тадан олтин ва кумуш ҳамда 6 та бронза медалига эга бўлди. Спортчилармиз жами 12 та медаль билан умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни банд этишди. 

Турнирни Жанубий Корея терма жамоаси иккинчи, Қозоғистон термаси учинчи ўринда якунлади. 

15-16 июнль кунлари ўсмир спортчилар чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 10 та медалга сазовор бўлишди. Уларнинг 2 таси олтин, 5 таси кумуш ва 3 таси бронза медалларидир. Ушбу натижа билан терма жамоасимиз умумжамоа ҳисобида тўртинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Осиё чемпионатида ҳар иккала ёш тоифасида терма жамоамиз аъзолари қўлга киритган медаллар сони 22 тани ташкил этди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама