Ўзбекистонлик 12 боксчи жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилмоқда
09 сентябр 2013, 16:50 725 кўрилди

altИстиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча спорт турлари қатори боксни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор самарасида мамлакатимизда камол топган ўнлаб чарм қўлқоп усталари Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида муносиб ўрин эгалламоқда. Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси – AIBA томонидан 2001 йилда асос солинган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этаётган ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари 8 олтин, 10 кумуш ва 15 бронза медаль жамғариб, дунёдаги энг кучли тўрт терма жамоалар қаторидан жой олган.

ЎзАнинг хабар беришича, бу йилги жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини Сулаймон Латипов, Ойбек Жўраев, Улуғбек Раҳимов, Жавоҳир Каримов, Иқболжон Холдоров, Бобурмирзо Толибов, Музаффар Рашидов, Сирожиддин Шоодилжонов, Элдор Мержанов, Козимбек Мардонов, Баҳром Фозилов ва Обиджон Тоҳиров ҳимоя қилмоқда.
Мусобақани муваффақиятли бошлаган Сулаймон Латипов 46 килгограмм вазн тоифасида исроиллик Ран Власенкони катта устунлик билан мағлубиятга учратди. С.Латипов чорак финал йўлланмаси учун Хитой Тайпей вакили По-Вей Туга қарши рингга чиқади.

63 килограмм вазн тоифасида қатнашаётган Сирожиддин Шоодилжонов австралиялик Блэк Травер устидан зафар қучиб, кейинги босқичда украиналик Олександр Шкет билан куч синашадиган бўлди. Оғирлиги 75 килограмм бўлган боксчилар мусобақасида Исроил терма жамоаси аъзоси Лиор Сидоренкони енгган Баҳром Фозилов навбатдаги жангни Жанубий Корея вакили Бонггуи Кимга қарши ўтказади.

Шархлар
Реклама