Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ФИФА вакиллари билан учрашди
21 июн 2013, 15:27 717 кўрилди

altЎзбекистон футбол Федерацияси расмий сайтининг хабар беришича, Аҳмаджон Мусаев шогирдлари 20 июнни «Сrowne Plaza» меҳмонхонасининг тренажёр залларида, чигалёзди машқлар билан бошлашди. Куннинг иккинчи ярмида эса, аввалдан белгиланган режа бўйича, «Бурсаспор» футбол клубининг Вакифкўй манзилидаги базасида техник-тактик машғулотлар ўтказилди.

Техник-тактик кўникмаларни янада мукаммаллаштиришга қаратилган умумий машғулотларни, бош мураббий Аҳмаджон Мусаев назорати остида, ёрдамчи мураббийлар – Алексей Евстафеев ва Олим Шокиров олиб боришди. Дарвозабонлар мураббийи Марат Галимов эса терма жамоа посбонлари – Асилбек Омонов, Акмал Турсунбоев ва Баҳодир Мирсоатов билан изчил шуғулланди. Машғулотларнинг биринчи қисмида футболчилар тўпни назорат қилиб туришга қаратилган машғулотларни ҳам ўтказишди. Машғулотлар жуда кўтаринки руҳда ўтаётгани, футбочлилар завқ билан шуғулланаётганини алоҳида қайд этиш зарур.

Машғулотларнинг иккинчи қисмида ёшлар терма жамоасининг асосий зарбдор кучи бўлиши кутилаётган футболчилар гуруҳи – терма сардори Владимир Козак, 2011 йили Мексикада бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳслари қаҳрамонларидан бири Аббосбек Махсталиев, «Пахтакор»нинг иқтидорли ярим ҳимоячилари – Жамшид Искандеров ва Жалолиддин Машарипов, «Олмалиқ» сафида мавсум кашфиётларидан бирига айланган Диёржон Туропов ва «Локомотив» марказий ҳимоячиси Бобурбек Йўлдошев, бош мураббий Аҳмаджон Мусаев кўрсатмалари бўйича, стандарт вазиятларни янада самарали амалга ошириш устида фаол ишлашди.

Вакифкўйдаги машғулотларга жўнаш арафасида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси вакиллари «Crowne Plaza» меҳмонхонасининг анжуманлар залида ФИФА ва мусобақа ташкилотчилари вакиллари билан учрашишди. Учрашувда ФИФА вакиллари футболчиларга ўйин қоидаларига доир видеолавҳаларни намойиш этишди (қайси вазиятлар учун сариқ карточка берилади, қайси вазиятларда ҳакамлар билан тортишмаслик керак ва ҳакозо). Бундан ташқари, мусобақа ташкилотчилари футболчиларнинг тегишли ҳужжатларини текшириб чиқишди. Шунингдек, учрашув давомида терма жамоа менежерлари мусобақа расмийларидан бир қатор зарур маслаҳатлар ва қўлланмаларни олишди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 21 июнь, жума куни машғулотларни Бурсадаги «Отатурк» стадионида («Bursa Ataturk Stadium») ўтказади. Ушбу стадион ЖЧ-2013 давомида гуруҳ босқичидаги олти, хусусан, Ўзбекистон – Янги Зеландия (23 июнь, Тошкент вақти билан 20:00) ҳамда Хорватия – Ўзбекистон (26 июнь, Тошкент вақти билан 23:00) учрашувларига, шунингдек, нимчорак, чорак ва ярим финал босқичларида биттадан ўйинга мезбонлик қилади.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг «Отатурк» стадионидаги машғулотлари Тошкент вақти билан 21:15да бошланади.

Шархлар
Реклама