Ўзбекистон Вьетнам термасини 3-1 ҳисобида енгди
16 октябр 2013, 09:53 597 кўрилди
altВьетнамга қарши учрашувда бир қатор футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида дебют қилди. Дарвозани «Насаф»дан чақирилган Элдор Суюнов қўриқлаган бўлса, ярим ҳимояда илк бор «Насаф» вакили Илҳом Юнусов ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда эса «Бунёдкор» ҳужумчиси Сардор Рашидов Ўзбекистон миллий термаси либосида илк бор майдонга тушди. Айнан Рашидов 69-дақиқада ҳисобни очди.
Орадан кўп ўтмай, ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумни бартараф этиш вақтида Вьетнам миллий терма жамоаси ҳимоячиси Ау Ван Ҳоан ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. 78-дақиқада эса Вьетнам миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Нгуен Ҳоанг ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди. Учрашув якунланишига бир дақиқа қолганида эса «Пахтакор»дан чақирилган Игорь Сергеев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидаги биринчи голини уриб, ўйин 3:1 ҳисобида якунланишини таъминлади.
15 октябрь куни Тошкентдаги учрашув билан параллел равишда бўлиб ўтган Гонконг ҳамда БАА терма жамлари ўртасидаги ўйинда БАА миллий терма жамоаси йирик - 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 
3-турдан кейин гуруҳда БАА терма жамоаси 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон ва Гонконг ҳисобида эса 4 очко бор. Вьетнам ҳозиргача биронта очко жамғара олмаган. Ўзбекистон миллий термаси навбатдаги ўйинларни ноябрь ойида сафарда Вьетнам ва Гонконг термаларига қарши ўтказади. 
 
Шархлар
Реклама