Ўзбекистон U-19 ёшлар термаси Ҳиндистонни йирик ҳисобда мағлуб этди
11 октябр 2013, 10:27 695 кўрилди
alt
Бунгача Ҳиндистон ёшлар терма жамоаси Қатар ва Непал ёшлар терма жамоаларига қарши тўп суриб, дастлабки ўйинда 0:2 ҳисобида имкониятни бой берган, кейинги ўйинда эса 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Алексей Евстафеев шогирдлари эса саралаш баҳсларини Туркманистонга қарши ўйин билан, 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган, сўнг Непал ёшлар терма жамоасини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
 
Қизиқарли курашларга бой бўлган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўйинда «Аланга» ҳужумчиси Аслиддин Абдиев дублга эришди. Дастлаб, биринчи бўлим якунланиши арафасида Сардорбек Азимовнинг аниқ тўп узатишидан сўнг Абдиев кучли ва аниқ зарба билан ҳисобни очди. Абдиевнинг иккинчи голи иккинчи бўлимнинг 17-дақиқасида киритилди. Сардорбек Азимов томонидан амалга оширилган бурчак зарбасидан сўнг Абдиев бош билан берган аниқ ҳам чиройли зарбаси билан Ҳиндистон дарвозасини нишонга олди.
 
Бунгача эса Непалга қарши ўйин қаҳрамонларидан бири – Бобур Давлатов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўйиндаги иккинчи голини киритиб улгурганди. 51-дақиқада Мақсуджон Маҳмудов ва Аслиддин Абдиев томонидан ўнг қанотдан ташкил этилган ҳужумни «Рубин» ярим ҳимоячиси, рақиб ҳимоячисидан тўпни чаққонлик билан олиб қўйиб, гол билан якунлади. Шундай қилиб, Давлатов саралаш баҳсларида урган голлари сонини иккитага етказди.
 
Куннинг иккинчи ўйинида Қатар ёшлар терма жамоаси 2:0 ҳисобида Қатар устидан ғалаба қозонди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қатар ёшлар терма жамоалари бир хил – 9 очкодан очко жамғарган бўлиб, қатарликлар тўплар нисбатига кўра (Қатар учта ўйинда 11та гол урган бўлса, Ўзбекистон футболчилари жами 9та голга муаллифлик қилишди) пешқадамлик қилишмоқда. Ҳар иккала жамоа ҳали ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол олиб чиққани йўқ ва қуруқ серияни сақлаб келмоқда.
 
Саралаш босқичининг энг қизиқарли ва марказий учрашуви 12 октябрь, шанба куни ўтказилади. Шу куни Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Қатарга қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс ким «А» саралаш гуруҳидан биринчи ўрин билан финал босқичига чиқишига ойдинлик киритади.
 
U-19 Осиё чемпионати-2014 саралаш
«А» гуруҳи, 4-тур учрашуви
ҲИНДИСТОН U-19 – ЎЗБЕКИСТОН U-19 0:3 (0:1)
Голлар: Аслиддин Абдиев (44, 63), Бобур Давлатов (51).
Огоҳлантириш: Шерзодбек Абдураимов (73).
ҲИНДИСТОН U-19: Вишал Каиф, Гаграи Гурба (Руперт Нонгрум, 46), Паван Кумар, Моҳд Сажид, Уданта Сингҳ, Лаллимпуя Даниэль (Фаёз, 55), Дас Сувик, Германприт Сингҳ, Притамкумар Сингҳ, Шайборланг Харпан (Раи Уттам, 77), Лалремпуя Фанаи.
ЎЗБЕКИСТОН U-19: Шерзодбек Абдураимов (Дилшод Ҳамроев, 84), Азизбек Мамазоитов, Аббосжон Отахонов, Мақсуджон Маҳмудов (Жавоҳир Соҳибов, 62), Сардорбек Азимов, Элдор Шомуродов, Аслиддин Абдиев, Бобур Давлатов (Наримон Ҳасанов, 74), Меҳрож Ғуломов, Нажмиддин Нормуродов, Достонбек Турсунов.
Бош ҳакам: Мухтор ал-Яримий (Яман).
 
Манбаа: the-uff.com
Шархлар
Реклама