Ўзбекистон дзюдо терма жамоасига хориждан мураббий таклиф қилинади
04 октябр 2013, 19:00 774 кўрилди
alt4 октябр куни Тошкент шаҳрида Халқаро дзюдо федерацияси, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган дзюдо бўйича Гран-При турнирига старт берилди. 
 
“Ўзбекистон” спорт саройида бўлиб ўтаётган мазкур халқаро нуфузли турнирдан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон дзюдо федерацияси президенти Армен Богдасаров юртимизда ушбу спорт турини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда терма жамоанинг биринчи ва иккинчи рақамдаги спортчилари орасида у қадар катта тафовут йўқ. Армен Багдасаров шунингдек, терма жамоага маслаҳатчи мураббий сифатида хориждан мутахассис таклиф қилиш режалаштирилаётганини ҳам қўшимча қилиб ўтди. 
 
Эслатиб ўтамиз, 4-6 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида бўлиб ўтадиган дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи турнирнинг мукофот жамғармаси 100.000 АҚШ долларини ташкил қилади. Унда дунёнинг 23 давлатидан 190 нафар спортчи 14 вазн тоифасида (еттитадан эркаклар ва аёллар) ғолиблик учун кураш олиб бормоқда. 
 
Мусобақа қоидасига кўра мезбон давлат ҳар бир вазнда тўрт нафардан спортчи қўйиш хуқуқига эга ва Ўзбекистон бундай имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда турнирга 49 нафар спортчини жалб этган. 
 
Мазкур турнирда 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналади. Ҳар бир вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллаган спортчига 300 рейтинг очкоси, кумуш медал совриндори 180, бронза медали соҳибларига эса 120 тадан рейтинг очколари берилади. 
Шархлар
Реклама