Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш тизими ўзгартирилди
30 октябр 2017, 15:21 653 кўрилди

alt

ЎФФ Ижроия қўмитаси бюросининг қарорига кўра футбол бўйича 2018 йилги мусобақалар янги форматда ўтказилади, деб хабар беради федерация матбуот хизмати.

Янги форматга кўра, Олий лига мусобақаларида 12 та жамоа иштирок этади. Чемпионат ўйинлари эса 3 давра тизимида ўтказиладиган бўлди. Бунда ҳар бир жамоа мавсум давомида 33 та ўйин ўтказади. Дастлабки икки даврага мавсум бошида қуръа ташланади ва жамоалар “уйда-сафарда” тизимида баҳс олиб боради. Мусобақанинг учинчи даврасига эса регламент асосида қуръа ташлаш йўли билан мезбон-меҳмон аниқланади. Натижада клублар ўртасида чемпионлик ва лигада қолиш учун рақобат кучайиб, мусобақа савияси ошади.

2018 йилги 12 та жамоадан иборат 3 даврали тизим иштирокчиларини аниқлашда 2017 йилги футбол мавсуми ҳамда 2018 йилги мавсумга футбол клубларини лицензиялаш якунлари асос бўлиб хизмат қиладиган бўлди. Натижада, 2018 йилги мусобақада 2017 йилда 1–11 ўринларни эгаллаган 11 жамоага Биринчи лига мусобақаларида ғолиби бўлган футбол клуби қўшиладиган бўлди.

"Ушбу қарорни қабул қилиш асносида ЎФФ ва ПФЛ раҳбарияти мураббийлар, клублар раҳбарлари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳар бир таклифини чуқур ўрганиб чиқди", дея қайд этилади хабарда.

Шунингдек, Биринчи лигада ўйнайдиган жамоалар сонини 16 тага камайтириш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Биринчи лигада ҳар бир вилоятдан битта жамоанинг иштирок этиши асосий талаблардан бири этиб қўйилади. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама