"Бухоро" футбол клуби 55 млн сўм миқдорида жаримага тортилди
24 октябр 2017, 09:03 1088 кўрилди

alt

Олий Лига 25-тур доирасидаги “Бухоро” (Бухоро) ҳамда “Пахтакор” (Тошкент) клублари ўртасидаги учрашувда юзага келган низоли вазиятлар сабабли “Бухоро” футбол клуби жазоланди. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати маълум қилади.

Ушбу можароли вазиятлар юзасидан ЎзПФЛ йиғилиш ўтказди. Унда юзага келган низоли вазиятлар, яъни футбол учрашуви вақтидаги тартибнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, “Бухоро” футбол клуби расмий ходимларининг белгиланган тартиб-интизом ва қоидаларга тўлиқ риоя этмаганлиги, шунингдек, учрашув расмийларининг ҳавфсизлиги етарли даражада таъминланмаганлиги каби ҳолатлар ўрганиб чиқилди. Мажлисда видеоёзувлар, учрашув назоратчиси ҳамда ЎзПФЛ вакилининг билдиргисига асосан, Ўзбекистон ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа регламенти, Тартиб-интизом Кодекси 5-модда, 4-бўлим, 5.57 бандига асосан клубга нисбатан жарима қўллаш ҳақида қарор қилинди.

Унга кўра, “Бухоро” клуби ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа Регламенти тегишли бандларига асосан умумий 55 млн сўм жаримага тортилди.

Хабарда таъкидланишича, шунга ўхшаш вазият яна такрорланадиган бўлса, қаттиқроқ чоралар кўрилиши билан бир қаторда клуб ўз майдонидаги учрашувларни мухлисларсиз ёки нейтрал стадионларда ўтказиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилган.

“Бухоро” - “Пахтакор” учрашувидан сўнг бир қатор спорт нашрларида стадион сухандони футболчи Игор Сергеев алмаштирилаётганда уни Игор Бабаян деб таништиргани, бухороликлар дарвозасига пеналти белгилангач эса клуб камерачиси ва сухандони ПФЛ вакилини ҳақорат қилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Абуасил
  24 октябр 2017, 13:31
Ҳар бир жойда янги раҳбарият аксарият ҳолларда ўзини кўрсатиш ёки кучини билдириш ёхуд уни тан олишлари учун кимларнидир жазолайди. Ҳолат юзасидан чора кўришлик тўғри йўл, аммо у мақбул далиллар билан асосланган бўлса. Пойтахтнинг Пахтакор клуби билан ҳудудлардаги клублар ўртасида кўп ҳолларда судья(айниқса жаноб Эрматов)нинг "ғирром"лиги, пойтахтликларга ён босганлиги тўғрисида гап сўзлар бўлиб турарди. Негадир бу ҳолатларга олдинги "раҳбарият" кўз юмарди, вилоят клублари эса расмий мурожаат билан деярли чиқишмасди.
Пахтакорни Бухоро ҳафа қилиб қўйибдимикан - суҳандоннинг техник хатоси бўйича 3-4 кундирки, кимларнингдир қўли билан, ҳаммаёққа жар солиб, "игнадан фил ясашди". Агар ушбу ҳолат ҳудудлардаги клублар ўртасидаги ўйинда бўлганда эди, ҳеч кимнинг иши бўлмасди, шекилли. Оддий оми фуқаро тўғри тушуниб кетаверар эди. Лекин буни аламзадаги айрим "гуруҳ" вакиллари билиб қолди ва тўполон кўтаришди. Ушбу ҳолат айнан Пахтакор клуби билан боғлиқ бўлганлиги сабабли кўпчилик ўқувчилар реал баҳо берилганлигига, чора кўрилганлигига шубҳа билан қарашса керак.
Янги "раҳбарият" республикамизда бўлаётган бошқа клублар ўйинларида худди мазкур ўйиндагидек бўлган процессуал хатоликларни содир этган клубларни жазоламаган бўлса, "эски тоз, эски ҳоммом" бўпти деса бўлаверади.
Қанийди "Футбол тўғрисида" Қонун қабул қилинса-ю, Қонун талабини бажармаган мухлислар ҳам, суҳандон ҳам, клуб ҳам, керак бўлса ЎФФ ҳам лойиқ жазога тортилса.
Реклама