Аёллар ўртасида ФИДЕ Гран-присининг учинчи босқич баҳслари бошланди
18 сентябр 2013, 11:21 662 кўрилди

altХалқаро шахмат федерацияси шафелигида ўтказилаётган ушбу нуфузли спорт анжумани Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Шахмат федерацияси ҳамда “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Олти халқаро турнирдан иборат хотин-қизлар ўртасидаги ФИДЕ Гран-приси жаҳон шахмат тожи учун курашиш имконини берадиган мусобақадир. 2013-2014 йилларда ўтказиладиган ушбу турнирда умумий ҳисобда 18 нафар шахматчи иштирок этади. Ҳар бир босқичда 12 нафардан шахматчи ўйнайди. Шу тариқа уларнинг ҳар бири Гран-при сериясидаги тўрттадан турнирда қатнашади. Якунда энг кўп балл жамғарган шахмат устаси 2015 йилда амалдаги жаҳон чемпиони билан шахмат тожи учун ўн партиядан иборат учрашув ўтказиш имконига эга бўлади.

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида бошланган хотин-қизлар ўртасида ФИДЕ Гран-присининг учинчи босқичида мамлакатимиз шарафини Осиё чемпионати ва Осиё ўйинлари кумуш медали совриндори, ўзбек қизлари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган истеъдодли ёш шахматчимиз Нафиса Мўминова ҳимоя қилади.

Мусобақа қоидасига кўра, ФИДЕ Гран-приси босқичларида шахматчилар бир даврали тизимда жами 11 партия ўйин ўтказади. Энг кўп очко жамғарган уч нафар спортчи босқич ғолиби ва совриндорлари сифатида тақдирланади.

 

Шархлар
Реклама