Ёшлар иттифоқи Telegram'дан жангари видеороликни танишига юборган тайлоқлик йигитни камида 5 йил қамоқ жазосидан қутқариб қолди

дек 12 / 2017

alt

Ёшлар иттифоқининг саъй-ҳаракати билан Самарқанд вилояти Тайлоқ туманининг Украч қишлоғида туғилган Шероз Сувонов камида 5 йил қамоқ жазосидан қутқариб қолинди.

ЎзА ёзишича, Самарқанддаги йирик корхоналардан бирида ишлаган, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшлардан бири Ш.Сувонов ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасини билмаслиги оқибатида Telegram мессенжери орқали “Жесты и катастрофы” каналидаги жангари видеороликни танишига юборган.

Бу ножўя ҳаракати учун Шерозга нисбатан ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши очилган ва  у 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди.

Хабарга кўра, яқинда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди биносида Тошкент шаҳар судининг сайёр мажлиси бўлиб ўтган. Унда Шероз Сувоновга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилган.

Суд мажлисида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Р.Қобилов, Тайлоқ тумани кенгаши раиси М.Ашуров ҳам иштирок этиб, Ш.Сувонов ҳақида ўз фикрларини билдирган.

“Суд мажлисида Шероз Сувоновнинг бу хатти-ҳаракати оқибатини билмасдан содир этгани, бу ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, унинг бу хатосини тузатишга биз ҳам ёрдам беришимизни билдирдик. Шерознинг келгусида бундай ножўя ишлар қилмаслиги ва ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиб, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш тадбирларида қатнашишига, эл-юрт учун керакли кадр бўлиб етишишига кафолат бердик”, деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Р.Қобилов.

Суд ёшлар иттифоқининг ижобий тавсифномаси ва кафолатини инобатга олиб, судланувчи Ш.Сувоновга тайинланиши мумкин бўлган 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосини 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишига алмаштирди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *