Ёш олимлар гуруҳи Оролбўйи ҳудудида экспедиция ўтказади
19 сентябр 2017, 12:30 345 кўрилди

alt

17-20 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида илмий экспедиция ўтказилмоқда. Унда ёш олимлар, гид-экскурсоводлар, фотосуратчилар, блогерлар ва журналистлар иштирок этади.

25 кишидан иборат экспедиция аъзолари 3 кеча-кундуз давомида Орол бўйи ҳудудида истиқомат қилиб, бугунги кундаги ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишишади.   

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш, ушбу ҳудудда юзага келган экологик муаммоларни ҳал этишнинг таъсирчан механизмларини яратиш ва амалга ошириш каби тадбирлар белгиланган. 

Тадбир ташкилотчилари мазкур лойиҳа орқали Орол фожиасининг бугунги кундаги ҳолатига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш, биология, геология, экология йўналишларида илмий-тадқиқотлар олиб бораётган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва касбий қизиқишларини янада оширишга ҳаракат қилишмоқда. Шунингдек, мазкур ҳудудга сайёҳлар оқимини, айниқса, ёшлар ва экстремал туризм йўналишларида хорижлик меҳмонларни жалб этишга ҳисса қўшишни режалаштиришган. 

Экспедиция давомида иштирокчилар ёш олимлар (эколог, медик, геолог, биолог), гид-экскурсиячилар, ёш журналист ва блогерлар гуруҳларига бўлинган ҳолда тегишли вазифаларни амалга оширишади. Охирида ҳар бир гуруҳ томонидан келгусида ҳудуд ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳа ёки маҳсулот тақдим этилади. Мисол учун, гид-экскурсиячилар гуруҳи маҳаллий ва хорижий сайёҳларга мўлжалланган янги йўналишлар тақдимотини ўтказади. Ёш олимлар, журналист ва блогерлар гуруҳи аъзолари эса, 1-гуруҳга турли реклама ва тарқатма материаллари учун контент тайёрлашга кўмаклашади. Ҳар бир гуруҳга тажрибали мутахассислар ҳамроҳлик қилишади.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Тошкент шаҳрида экскурсия натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама