Ваҳимага тушган "Билайн"чилар "Юсел" эшигини қоқишди
25 октябр 2013, 17:39 1930 кўрилди

alt

"Эшиттингми Билайн ўчаркан", бугун ким билан гаплашманг, шунга ўхшаш хабарни албатта эшитган бўлишингиз тайин. Бироқ, юртимизда ОАВларининг ривожланиб бораётгани бу каби миш-мишларнинг қуруқ сафсата эканини тезда фош этишга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин. Эрталабки "бомба" хабар тез орада интернетдаги ахборот порталларига ҳам етиб келди ва журналистлар ушбу хабарнинг қанчалик ҳақиқат экани билан қизиқишди. 

Миш-мишларнинг урчишига йўл қўймаслик учун расмий идораларнинг бу борада тезкорлик билан маълумот бергани ҳам диққатга сазовор. Жумладан, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ўзининг сайтида ушбу хабарнинг асоссиз эканлигини, "Билайн" компанияси эса фаолиятини давом эттириши ва душанба куни янада янги хизмат турларини эълон қилишини маълум қилишди. Лекин ваҳима барибир ўзини кўрсатди, бир зумда бошқа уяли алоқа компаниялари офислари олдида одамлар кўпайиб қолди. Бир пайтлар МТС "ўчиб қолганда" сим карта қидириб зир югурган мижозлар, яна ўша аҳволга тушмаслик учун ҳам отига эртароқ  қамчи уриб қолмоқчи бўлган кўринади.  Бунга "Юсел" бош офиси олдида қайд этилган ушбу сурат ҳам гувоҳлик бермоқда. 

Сўз устаси Мирзабек Холмедовнинг "Хотинлар нима деяпти?" номли аскиясини кўпчилик яхши эслайди. Тўғри, расмий манбаалар ваҳимага ўрин йўқлигига ишонтирмоқда, лекин шундай бўлсада, келинг эрта бўлаверсин-чи...

 

Шархлар
Реклама