Қадринг шунча арзонми, инсон?
18 ноябр 2013, 18:28 3372 кўрилди

alt

Суд ҳукм –  фақат жазолашгина маҳкум этувчи ҳужжат эмас, пировардида,ижтимоий тарбия чораси ҳамдир. Шу боис айбдорки бор - дарҳол панжара ортига раво қилинавермайди. Қонунчиликда, содир этилган қилмишнинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, тегишли енгилликлар берилиши алоҳида қайд этилган. Бекзод Ғаниевнинг эса қонунда кўрсатилган бундай енгилликларда “ҳақи қолмаганди”  ҳисоб.

Дастлаб у 1999 йилда  Жиззах вилояти судининг ҳукми билан жиноий уюшма ташкил этиш, тақиқланган ташкилотлар тузиш ва раҳбарлик қилиш ҳамда  миллий, ирқий, этник ва диний адоват қўзғаш жиноятларини содир этишда айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ўшанда  Жиноят кодексининг 71-моддасида кўзда тутилган норма унинг жонига оро кирганди. Маълумки, айни моддага кўра, айбдор содир этган қилмиши моҳиятини теран тушуниб, чин кўнгилдан пушаймонлик билдирса ва  жиноятни фош этишга ёрдам берган бўлса, жазодан озод этилиши мумкин...

Шу тариқа Б. Ғаниев узоқ муддатли реал жазодан қутилиб қолганди. Орадан уч-тўрт йил ўтди. Бу вақт мобайнида тирикчилик важҳида қўшни республикага тез-тез қатнаб юрган Бекзод яна ўтмишини қўмсаб қолди, чоғи...  

Гап шундаки, қўшни юртда  у аввалдан таниш бўлган Тоҳир Ибрагимов билан топишади. Т. Ибрагимов  фундаметалистик ва эстермистик руҳдаги дунёқарашдаги кимса бўлиб, имконияти борича тарафдорларини кўпайтириш ҳаракатида эди. Бекзоднинг яна пайдо бўлиши унинг учун айни муддао эдики, бор маҳоратини ишга солиб, йигитни осонгина таъсирига туширди. Бекзоднинг Т. Ибрагимов таъсирига осонгина тушишининг яна бир сабаби бор эди. Гап шундаки, озодликка чиққандан кейин маълум вақт ўтиб,Б.Ғаниев норасмий равишда фаолият кўрсатаётган “Салафий” оқими таъсиридаги кимсаларга (улар эндиликда жиноий жавобгарликка тортилган) дуч келган, уларнинг “амру маъруфларидан” яхшигина гангиб юрганди. Т. Ибрагимов эса  Бекзодга гўёки тўғри йўл кўрсатди:
“Салафий” оқими тутган йўл нотўғрилигини таъкидлаш баробарида ўзларининг гўёки тўғри йўлида  бардавом бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Ҳатто ғамхўрлик кўрсатиб, ўзи имомлик қилаётган масжидга норасмий ишга олади, ойига  640 АҚШ доллари миқдорида мояна беради...


Бекзод  Ғаниевнинг қўшни юртга серқатнов бўлиб қолгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларини бефарқ қолдирмасди, албатта. Негаки, у жиноий жазони ўтишдан озод этилган бўлса-да, диний эстремистик оқимларга мойил шахс сифатида махсус рўйхатга олинган бўлиб, вақти-вақти ички ишлар идораларига  учраб, тегишли қайддан ўтиб бориши шарт эди-да. Бекзод эса бу тартиб-қоидани бора-бора ёдидан чиқарди,гўё...  Шу ўринда   тан  ва онг жароҳатини қиёслашга  тўғри келади. Одамнинг бирор аъзоси оғриса, муолажалар ёрдамида тезда дарддан халос бўлиши мумкин. Бироқ онг жароҳати давосига   вақт ва соғлом мулоқот талаб этилади. Бекзодга ўхшаган  онги жароҳатланганларнинг вақти-вақти билан ички ишлар идорасига бориб,тегишли қайд ва суҳбатдан ўтиб туриш мажбурияти ана шундай чоралар сирасига киради. Бундан бўйин товланиш бошландими, демак,  онг жароҳати яна қайта ҳуруж қилаётганини англатади.
Озодлик ҳавосидан баҳрамандлик ва собиқ сафдошлари билан қайта топишиш натижасида Б. Ғаниев ялонғоч қўлга тутқич бермайдиган даражага  етиб қолган экан.  Ҳуқуқни муҳофза қилувчи идорага чақирилиб, юриш-туриши-ю қўшни юрт чеграсида тез-тез пайдо бўлиши сабаби сўралганида  қатор важ-карсонлар


кўрсатдики, мутасаддилар унинг гапига ишонган бўлиб, арқонни узунроқ ташладилар. Ва бу нарса кўп ўтмай натижа берди. Унгача  Бекзод  “раҳнамоси” Тоҳир Ибрагимовдан олган топшириқ, шунингдек, фаолияти таъқиқланган “Салафий” оқимининг қозоғистонлик раҳнамоси “Абу Муҳаммад Ринат” – “Ринат домла”нинг маъруза-даъватларини тошкентлик биродарлари ўртасида махфий равишда тарғиб ва тарқатиб юраверди. Қачонки сафдошларидан бири бўлган  Алишер Қодирохунов  қўлга олингач, қонунга хилоф равишда, айланма йўллар орқали қўшни республикага қочиб кетади.  Уёқда паноҳ топган сафдошлари, минг чиранмасин, барибар уни қонун олдида жавоб беришидан сақлаб қола олишмади.


Ўтган йилнинг декабрь ойида  Бекзод Ғаниев қўшни мамлакатнинг ўзида қўлга олинди... Унинг Тошкентда истиқомат қилиб келган уйи тинтув қилинганда бир дона “Пентьюм - 4” компьютери топилиб, унинг хотирасига айрим араб давлатлари олимлари,  қозоғистонлик “Ринат домла”нинг даъват ва илмий қарашлари жойлаштирилгани аниқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертлик гуруҳи бу даъват ва маърузалардан оммавий тарзда фойдаланиш ва тарқатиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса бердилар. Шу ва бошқа инкор этиб бўлмас далиллар асосида Бекзод Ғаниевнинг содир этган жиноятлари тасдиқланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Бекзод Ғаниев билан боғлиқ жиноят ишининг қисқа баёни шу. Тафсилотларга
кўп-да берилмадик. Сабаби аён: жиноят тафсилотидан кўра ундан тегишли хулоса чиқариш  муҳим, токи, бир шахснинг содир этган қилмиши бошқаларга сабоқ вазифасини ўташи лозим.


Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Бекзод Ғаниевнинг яқин ўтмиши  бунга яққол мисол. Унинг аввалги жинояти, гарчи   ўн олти (!) йиллик озодликдан маҳрум этиш жазосига лойиқ топилса бўлса-да,  қилмишининг ижтимоий хусусияти, ёши ва, айниқса, айбига чин кўнгилдан пушаймонлиги эътиборга олиниб, унга озодлик раво кўрилганди. Бу адашиб, зарарли оқимлар таъсирига тушиб қолганлар учун ҳаётда ўз ўрнини топишига берилган катта имконият аслида. Қонун тили билан айтганда,инсоннинг яшаш, меҳнат қилиб, муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқини амалда таъминлаш ҳисобланади. Бу қонунларимизда кечиримлилик, инсонпарварлик ғоялари қанчалик акс топганини яна бир бор кўрсатади. Қисқа айтганда, бунинг отини ИНСОН ҚАДРИ дейилади. Муқаддас динимиз моҳиятида ҳам инсон қадр-қимматини эъзозлаш ётади.

Зеро,  инсон – Яратганнинг мукаррам мавжудотидир.
Динни ниқоб қилиб олган ғаламис кимсалар эса  ўзларининг тор манфаатлари йўлида мукаррам зот ҳисобланган инсонни қурбон қилишдан тап тортишмайдики, ақидапарастликнинг хавфли жиҳати ҳам шунда. Бунга ҳам Бекзод Ғаниевнинг қисмати яққол мисол эмасми?! Шу нуқтаи назар келиб чиқиб,Бекзодга ўхшаганларга савол  бергимиз келади: қадринг шунча арзонми, инсон?
 

Шархлар
Мехмон
  19 ноябр 2013, 13:51
килмиш кидирмиш деб шуни айтадида.
Реклама