“Туркистон” саройида Ўқитувчи ва мураббийларни табриклашди
01 октябр 2013, 10:14 2660 кўрилди
alt
Байрам тадбирига сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, таълим соҳаси фахрийлари, илғор ўқитувчи ва мураббийлар, тарбиячилар, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари таклиф этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
 
Истиқлолнинг дастлабки кунларидан таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури, Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури мустақил ва соғлом фикрли авлодни вояга етказиш, юксак малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим омил бўлаётир.
 
Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг деярли барчаси капитал реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланди ва ўнлаб янги мактаблар қурилди. Айни пайтда мактабгача таълим муассасалари, махсус мактаб-интернатлар, «Баркамол авлод» болалар марказлари, болалар ва ўсмирлар спорт, мусиқа ва санъат мактаблари, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини давр руҳига мос тарзда йўлга қўйиш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
 
Ўқитувчиларнинг малака ва маҳоратини ошириш, самарали меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, меҳнатини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жиҳатлар халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган 410654 нафар ўқитувчи фаолиятида ўз ифодасини топмоқда. Педагоглар меҳнатини рағбатлантириш борасидаги ғамхўрлик туфайли ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тизимидаги 3465 нафар устоз ва мураббий Ватанимизнинг юксак унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари борлиги янада қувончлидир.
 
Президентимизнинг 2013 йил 27 сентябрдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
 
altМактабларга ёш мутахассис кадрларни кенг жалб қилиш, уларнинг илмий-ижодий салоҳиятидан унумли фойдаланиш масаласи ҳам доимий эътиборда. Жумладан, жорий йилда 7065 нафар ёш мутахассис янги ўқув йилида умумтаълим мактабларида иш бошлади.
 
Педагог ходимлар меҳнатини рағбатлантиришга оид амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача меҳнат ҳақи 2006 йил 1 сентябрга нисбатан 9 баробар оширилиб, 2013 йил 1 сентябрь ҳолатига уларнинг ўртача маоши 867276 сўмни ташкил этди.
 
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хорижий тилларни ўрганиш бўйича ёш, истеъдодли педагоглар сафини янада кенгайтириш, хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
 
Ушбу ҳужжат замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, хорижий тилларни пухта биладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактабларининг инглиз, немис, француз тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш, билим ва малакасини юксалтириш бўйича кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, 2013-2014 ўқув йилида чет тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёж таҳлил этилиб, амалдаги ўқитувчиларнинг педагогик юкламаларини 1,5 ставкагача ошириш, бошқа чет тили ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга келиши ҳисобидан қоплаш чоралари кўрилди.
 
Давлатимиз раҳбарининг 12 номдаги ўқув қуроллари, мактаб сумкасидан иборат совғаси таркибида инглиз тилидан “Kid’s english”, немис тилидан “Deutsch macht spab”, француз тилидан “Hirondelle” дарслик мажмуалари яратилиб, бу йил 1-синфга борган 528972 нафар ўқувчига туҳфа этилди.
 
«Обод турмуш йили» Давлат дастури доирасида таълим-тарбия жараёни устидан жамоатчилик назорати тобора оширилиб, барча умумтаълим мактабларида “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашининг фаолияти йўлга қўйилди. Бу маърифий-маънавий ишлар сифатини доимий таҳлил этиб бориш, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтириш, 9-синфни тамомлаган ўқувчиларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
 
altЎзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танлови илғор, ташаббускор, фаол, фидойи педагогларни аниқлаш, уларнинг иш тажрибасини оммалаштиришга хизмат қилмоқда. Тадбирда мазкур кўрик-танловнинг жорий йилги ғолибларига диплом ва совринлар топширилди.
 
Маросимда сўзга чиққан Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Маҳмуд Исмоилов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-умумтаълим мактаби директори Анора Маҳмудова, Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги “Соғуний” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Муаттар Эшмуҳамедова таълим фидойилари меҳнатини ардоқлаш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
 
Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт намойиш этилди.
 
Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси И.Собиров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
 
ЎзА
Шархлар
Реклама