Тошкентда истиқомат қилувчи аёлнинг уйида катта миқдорда парфюмерия ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди
19 сентябр 2013, 17:59 732 кўрилди

altРеспубликамиз божхоначилари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда товар моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Тезкор маълумотлар асосида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган хонадонлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ертўласида ҳорижда ишлаб чиқарилган 227 хил турдаги жами 20 минг донадан ортиқ бўлган парфюмерия товарлари ноқонуний равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Фуқаро Н.Шоповаленкога тегишли бўлган ушбу товар моддий бойликларнинг умумий қиймати 20 млн. сўмни ташкил қилар экан. Яна бир ҳолатда пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган хонадонлардан бири ўрнатилган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадон ертўла омборида 900 донадан ортиқ бўлган 125 хил турдаги электр жихозлари ва анжомлари ноқонуний сақланаётганлиги аниқланди. Дастлабки суриштирувлар чоғида юк эгаси фуқаро У.Мусажонов ҳорижда ишлаб чиқарилган, дастлабки маълумотларга кўра умумий қиймати 50 млн. сўм бўлган ушбу товарларга божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам хужжатларни тақдим қила олмади. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Шархлар
Реклама