Тошкент иссиқлик электр станциясининг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди
02 декабр 2017, 19:37 944 кўрилди

alt

Тошкент иссиқлик электр станциясининг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. 370 МВтли янги буғ-газ қурилмасининг рамзий старт тугмасини Президент Шавкат Мирзиёев босди. Бу ҳақда давлат раҳарининг матбуот хизмати хабар берди.

Корхонанинг илк энергоблоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган. 1971 йилга келиб уларнинг сони 12 тага етган. Станциянинг умумий белгиланган қуввати 1860 мегаваттни ташкил этади.

Янги буғ-газ қурилмасининг фойдаланишга топширилиши билан қўшимча равишда йилига 2,6 миллиард киловатт соат электр, шунингдек, 110 минг гегакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

Замонавий қурилма 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун сарф қиладиган шартли ёқилғининг миқдори 223 г/киловатт соатни ташкил қилса, амалдаги энергия блокларда бу кўрсаткич салкам икки баравар кўп. Бунинг натижасида йилига 350,9 миллион кубометр табиий газ тежалади.

Ушбу ноёб лойиҳани амалга ошириш учун мамлакатимизда биринчи бор АҚШнинг “Женерал электрик” компаниясининг буғ-газ турбина ва генераторлари ўрнатилди. Бундан ташқари, Бельгия, Италия, Россия каби давлатлардан замонавий ускуналар келтирилди.

Лойиҳани рўёбга чиқаришда маҳаллий корхоналар маҳсулотларидан ҳам кенг фойдаланилди. “Ўзкабель”, “Ўзэлектроаппарат”, “Чирчиқ трансформатор заводи” каби корхоналар шулар жумласидан. Бу эса катта миқдорда валютани тежаш ва жалб этилган инвестициялардан мақсадли фойдаланишга замин яратди.

Ушбу замонавий буғ-газ қурилмасини ишлатиш ва бошқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама