Темурийлар тарихи давлат музейи ҳақида 7 факт
18 октябр 2013, 08:29 5200 кўрилди

 

alt1. Музей 1996 йили Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Амир Темур хиёбонига туташ ҳудудда барпо этилган.
 
2. Бинонинг бутун айланаси бўйлаб жойлашган айвонни оқ устунлар кўтариб турибди. Ташқи деворига эса эзгуликка ундовчи - Адолат, Итоат, Зарофат, Маърифат, Диёнат, Оқибат, Марҳамат, Қадрият, Садоқат, Муваффақият, Матонат, Мурувват, Шижоат ва Машварат сўзлари битилган.  
 
3. Музейнинг баландлиги 31, диаметри 70 метр. Музей гумбазини ёритиб турган  "Зумрад" деб номланган қандилнинг оғирлиги 2 тоннадан ошади. Унга 500 та ёритгич ўрнатилган. 
 
4. Музей 3 қаватдан иборат. Биринчи қаватида хазинахона, кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият жойлашган. Иккинчи қаватдаги девор марказидан "Буюк Соҳибқирон - буюк бунёдкор" деб номланган панно жой олган.  Учинчи қаватдан Марказий Осиёнинг илк Уйғониш давридан то Соҳибқирон давригача ва темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар, ранг-баранг  осори атиқалар ўрин олган.  
 
5. Бугунги кунда музейда темурийлар тарихидан сўзловчи 3,5 мингдан зиёд энг ноёб ёдгорликлар сақланмоқда. Қўлёзмалар, ёзишмалар, кумуш ва мис тангалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий қопламалар, китоблар, тангалар қолаверса, Самарқандда 1941 йилда топилган Амир Темур қоши, Бибихоним мунчоғи, шунингдек, Гавҳаршодбегим ва Мироншоҳнинг узук-муҳрлари шулар жумласидан. 
 
6. Бугунгача дунёнинг энг йирик музейларида сақланаётган темурийлар даврига оид 20 дан ортиқ ноёб экспонатнинг нусхалари тайёрланган. Шулардан бири  Санкт-Петербург шаҳридаги Эрмитажда сақланаётган Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим ва Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ мирзонинг узук-муҳрларидан олинган нусхалардир.
 
7. Музей ходимларининг саъй-ҳаракати билан «Темурийлар даври маданий ёдгорликлари», «Амир Темур ва темурийлар даври: янги тадқиқотлар» тўпламлари нашр қилинган. Айни пайтда «Темурийлар даври маданий ёзма ёдгорликларининг Ўзбекистонда ва хорижда ўрганилиши», «Ўрта Осиёда китобат санъати» каби мавзуларда тадқиқотлар олиб борилмоқда.   
Шархлар
Реклама