Суд бошқарувчилари ваколати кенгайтирилди
16 октябр 2013, 16:33 1507 кўрилди

altМазкур ўзгаришлар ёлғон банкротлик белгиларининг аниқланиши, банкротликни яшириш ва атайин банкротлик ҳолатлари бўйича тартибларнинг ўрнатилгани билан боғлиқ бўлиб, бундан корпоратив бошқарув сифатини яхшилаш, раҳбарлар ва хўжалик субъектлари эгаларининг иқтисодий ҳолат учун масъулиятини ошириш мақсад қилинган.

Суд бошқарувчилари тўғрисидаги низомга киритилган ўзгаришлар вақтинчалик, ташқи ва тугатувчи бошқарувчиларнинг, улар хўжалик суди этиб тайинлангандан кейин ваколатини кенгайтиради, деб ёзади Норма, уз.

Аввалги функциялардан ташқари, уларга ёлғон банкротлик белгилари ҳамда қарздорнинг банкротликни яшириш белгиларини аниқлаш вазифаси юкланди.

Ушбу ҳаракатлар якуни бўйича улар хулоса тайёрлашлари ва хужжат имзолангач, ўрнатилган тартибда 10 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тегишли органларга: ёлғон банкротлик ва банкротликни яшириш белгилари борлиги ҳақида - кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига ва прокуратура органларига; ёлғон банкротлик ва банкротликни яшириш белгилари йўқлиги ҳақида эса - кредиторлар йиғилишига, хўжалик судига тақдим этишлари керак.

Суд бошқарувчилари аттестацияси тўғрисидаги низомда учинчи даражали аттестатни олишга номзод шахслар тақдим этадиган ҳужжатларга ҳам ўзгариш киритилди. Энди низомда келтирилган хужжатлардан ташқари, яна тегишли давлат органининг тўлов ёки судланганликни олиб ташлаш ҳақидаги маълумотномаси ҳамда паспорт нусхаси керак бўлади.

Киритилган ўзгаришларга мувофиқ, энди тўртинчи даражали аттестатни олмоқчи бўлганлардан аризани кўриб чиқиш вақтида 2 ЭКИҲ миқдорида тўлов олинмайди. Бу тоифа бошқарувчилар такрорий тест имтихонини топшириш вақтида ҳам ЭКИҲнинг бир бараварига тенг бўлган тўловни амалга оширмайдиган бўлишди.

Тўртинчи даража учун тест синовида 50% дан кам бўлмаган ижобий жавоблар, ижобий натижа деб ҳисобланадиган бўлди. Бундан ташқари, киритилган қўшимчларга кўра, қўмита томонидан аттестат амал қилишини бекор қилиш қарори қабул қилинган кундан бошлаб аттестат олмоқчи бўлган шахс 3 йилгача такрорий тест синовларига қўйилмайди.

Шархлар
Реклама