Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги «Aкfamedline» тиббиёт марказида бўлди
02 декабр 2017, 15:38 1342 кўрилди

alt

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган «Aкfamedline» тиббиёт марказига борди. 

Мазкур тиббиёт маркази лойиҳаси жорий йилнинг 21 апрель куни тақдим қилинган бўлиб, давлат раҳбари уни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, бу ерда юқори малакали мутахассисларнинг ишлашини ташкил қилиш бўйича топшириқлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида қуриб фойдаланишга топширилган тиббиёт марказининг умумий майдони 2 гектар бўлиб, 5 блокдан иборат. 12 қаватли замонавий бино 160 ўринли стационарга эга.

Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси собиқ профилакторийси ўрнида ташкил этилган мазкур тиббиёт маркази энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Кўп тармоқли марказда юқори малакали мутахассислар фаолият юритмоқда.

400 дан ортиқ иш ўрни яратилиб, чет давлатлардаги етакчи тиббиёт марказларида фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Марказда ультратовуш диагностикаси, терапия, гинекология, гастроэнтерология, диетология, физиотерапия, оториноларингология, урология, педиатрия, кардиология, офтальмология, неврология, эндоскопия, ортопедия, хирургия, нейрохирургия каби йўналишларда хизмат кўрсатилмоқда.

Президент Ўзбекистонда Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама