Шавкат Мирзиёев Олмазор туманида барпо этиладиган кўп қаватли уйлар лойиҳаси билан танишди
21 апрел 2017, 19:00 1697 кўрилди

alt

Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Олмазор туманида барпо этиладиган янги савдо маркази ва кўп қаватли уйлар лойиҳалари билан танишди, деб хабар беради ЎзА. 

Олмазор туманининг Нурафшон ва Форобий кўчалари кесишган жойда уч қаватли “Эски шаҳар” савдо маркази барпо этилади. Бу ерда харидорларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида кафе, галерея, болалар ўйин майдончалари, автомобиллар тўхташ жойи ва бошқа объектлар қурилади. Марказ ишга тушгач, 250 киши иш билан таъминланади. 

Давлат раҳбари мазкур савдо комплекси қуриладиган жойни кўздан кечирди. Марказнинг учинчи қаватида “Китоб олами” дўкони ва тарихий фильмлар намойиш қилинадиган кинозал барпо этиш кераклигини таъкидлади. 

Мутасадди раҳбарларга 2018 йил Наврўз байрамигача мазкур объектни фойдаланишга топшириш бўйича топшириқлар берилди. 

2017-2021 йилларда Тошкент шаҳрида кўп қаватли арзон уйларни қуриш миқёсини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорга мувофиқ Кичик халқа йўли ва Қорасарой кўчалари оралиғида 7 қаватли 12 турар-жой барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу уйлар эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни арзон, замонавий уй билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

Президент мазкур уйларда яшовчи оилалар рўйхатини шакллантириб, сўнг қурилишни бошлаш кераклигини таъкидлади. Бунда Эски шаҳарда яшовчи уй-жойга муҳтож оилаларни ҳисобга олиш, уйлар тақсимотида адолат мезонларига қатъий риоя этилиши зарурлиги қайд этилди. 

Уйларни қуриш учун 5 гектардан зиёд ер ажратилади. Турар жойларни лойиҳалаштиришда маҳаллий иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари ҳамда халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига хос бошқа жиҳатлар ҳисобга олинган. 

Давлат раҳбари Қичқириқ канали бўйида бунёд этиладиган янги маданият ва истироҳат боғи лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Мазкур боғни туман аҳолиси фарзандлари билан сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантириш, бунда Тошкентнинг қадимий анъаналарини ҳисобга олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама