Шавкат Мирзиёев мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
20 октябр 2017, 10:20 402 кўрилди

alt

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 октябрь куни мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилади.

Маълумки, жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорга мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди. 

Янги вазирлик олдига мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш вазифалари қўйилди. 

Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. 

"Мактабгача таълим тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу борадаги ишларни ҳар томонлама пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз, таълимнинг узлуксизлигини таъминлашимиз қийин бўлади", — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. 

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа тегишли идораларга ҳар бир масала юзасидан аниқ муддатлари кўрсатилган ҳолда муҳим топшириқ ва вазифалар берилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Тошкент шаҳар, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) мактабгача таълим бўлимларини бинолар ва юқори малакали кадрлар билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди. 

Мактабгача таълим муассасаларига шифокорлар ажратиш, тиббиёт ҳамшираларининг малакасини ошириш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон, санитария-гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлаш, болаларнинг овқатланишини белгиланган меъёрлар даражасида ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Шархлар
Реклама