Сергелидаги эҳтиёжманд оилалар учун қурилган янги уйларнинг тақсимланишида қонунбузарликлар аниқланди

дек 29 / 2017

alt

Тошкент шаҳар Сергели туманида эҳтиёжманд оилалар учун янги қурилган кўп қаватли уй-жойларни тақсимлашда қонунбузарликлар аниқланган. Бу ҳақда шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи Бобир Деҳқонов Ички ишлар Бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилди.

“Тошкент шаҳар прокуратураси органлари томонидан Сергели туманида кам таъминланган оилаларга янги қурилган хонадонларни топширишнинг ноқонунийлиги хусусидаги фактларни ўрганди. Мазкур жараёнга кўплаб мутахассислар, малакали ходимлар жалб қилинди ва атрофлича ўрганилди. Ўрганиш вақтида бир қатор қонунбузарликлар аниқланди. Жумладан уй-жойга муҳтож бўлмаган оилаларга уй-жойлар берилгани, комиссия ҳужжатларини сохталаштириш, кадастр хизматлари томонидан сохта ҳужжатлар тақдим қилиш, ёш оилалардан муҳтож бўлмаганларга уй ажратиш ҳолатларига дуч келинган", - дейди прокуратура вакили.

Шунингдек, унинг қайд этишича, жуда кўп фуқаролар уй-жой масаласида ҳокимият идораларига мурожаат қилишган. Мазкур мурожаатларни кўриб чиқишда ҳам ҳокимият идоралари фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик меъёрларини бузганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, мурожаат қилувчининг аризасини ўрганувчи махсус комиссия ушбу уй-жойларни бериш тартиб-қоидаларини бузгани ҳам маълум бўлган. Яъни уй-жойларни етарли асосларсиз фуқароларга бериш ҳолатлари аниқланган. Фуқароларнинг ўзлари ҳам ҳужжатларни топширишда иш жойи, маошига доир маълумотларни сохталаштирган.

"Юқоридагиларнинг барчаси билан боғлиқ ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниб, 11 та жиноий иш қўзғатилди. Айни ушбу ишлар бўйича прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (хизмат мансабини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (хизмат вазифасига совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (хизмат сохтакорлиги) ва 144-моддаси (юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини қабул қилишда қонун талабларининг бузилиши ҳолатлари) бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда”, - деди Бобир Деҳқонов. 

ЎзА ёзишича, декабрь ойида Тошкент шаҳридаги барча туманлардан эҳтиёжманд, алоҳида эътиборга муҳтож 44 нафар оилаларга Сергели туманида қурилган янги кўп қаватли уй-жойлар топширилди.

  • Alisher
    01 янвuary 2018, 17:36

    Yuqoridagi holatlar barcha sohalarda bor.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *