Президент "Ёшлик-1" ва "Ёшлик-2" конларини ўзлаштиришни янада тезлаштириш бўйича тавсиялар берди
14 ноябр 2017, 11:12 976 кўрилди

alt

Шавкат Мирзиёев раислигида 13 ноябрь куни геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, минерал-хомашё ва қимматбаҳо металлар ресурс базаси ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича муҳим стратегик лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди

Бугунги кунда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таркибида 32 ташкилот 4 йўналиш бўйича фаолият юритмоқда. Геологик ўрганилаётган фойдали қазилма турларининг сони 12 дан 35 га етди. Геология-қидирув ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида соҳа изчил модернизация қилинмоқда. Лаборатория-таҳлил ускуналари янгиланмоқда. Масалан, илгари руда таркибидаги 32 элемент аниқланган бўлса, янги замонавий технологиялар самарасида бугунги кунда 74 фойдали модда аниқланмоқда. Илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида геология-қидирув жараёнига 2018 йилдан аэрогеофизик усул ва ускуналарни жорий қилиш режалаштирилган. 

Бироқ ҳали соҳа олдида қатор долзарб масалалар мавжуд. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ер қаърини геологик ўрганиш, фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва бошқаришга масъул орган этиб белгиланганига қарамасдан, унинг фаолияти геология-қидирув ишларини бажариш билан чегараланиб қолмоқда. 

Йиғилишда геология соҳасининг бугунги ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Ер қаъридан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш ва кончиликни бошқаришда аниқ механизм мавжуд эмаслиги, бу соҳага етарлича эътибор берилмагани кўрсатиб ўтилди. Бу соҳада илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг бутунлай янги тузилмаси ва йўналишларини ишлаб чиқиш, салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди. 

2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида геология-қидирув ишлари жадвал асосида амалга оширилмоқда. Жорий йилда Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси томонидан 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиб, саноатда ўзлаштиришга тайёрланди. Йил охиригача яна 13 кон бўйича захиралар тасдиқланиши режалаштирилган. 

Президент тоғ-кон саноатининг узоқ муддатли истиқболларига, соҳанинг ҳудудларда саноатни ривожлантиришдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Тармоққа чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, янги корхоналар ташкил этиш ва иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Мутасадди вазирлик ва ташкилотларга минерал-хомашё базасини ривожлантириш дастурини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш топширилди. 

Йиғилишда соҳадаги йирик муассасалар – Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар ижросига ҳам эътибор қаратилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан умумий қиймати 2 миллиард 720 миллион доллардан ошиқ 18 инвестиция лойиҳаси амалга оширилмокда. “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштириш, “Самарчўқи” ер ости конини қуриш ва Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи барпо этиш улар орасида энг муҳимларидир. 

Президент “Ёшлик-1” ва “Ёшлик-2” конларини ўзлаштиришни янада тезлаштириш бўйича тавсиялар берди. 

Мутасаддиларнинг бу борадаги ҳисоботлари эшитилди. 

Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Соҳани замонавий мутахассислар билан таъминлаш учун Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузурида ихтисослашган олий таълим муассасаси ташкил этиш, унда илмий изланишларга катта аҳамият қаратиш, ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда геология-қидирув ишларини илғор технологиялар асосида ташкил этиш, ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, соҳанинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини янада ошириш масалалари таҳлил қилинди. Вазирлик, қўмита ва комбинатлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама