Президент тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди
12 декабр 2017, 22:23 2827 кўрилди

alt

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакат тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Президент йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммо ва камчиликларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, яъни бугунги кунда мамлакатда 11 мингдан зиёд шифокор етишмаслиги сабабли янгидан ташкил этилаётган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсата олинмаётгани, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси заифлиги, қишлоқ оилавий поликлиникаларида зарур бўлган тез тиббий ёрдам шохобчалари ва дорихоналар ташкил этилмагани, хусусий тиббиёт тизимини ривожлантиришда тадбиркорлар ишига тўсиқ бўлаётган раҳбарлар фаолияти танқид қилинди.

Ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизими фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон ва қарорлар қабул қилинганига қарамай, республика ихтисослаштирилган марказларининг ҳудудлардаги фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия, хирургия, урология, кўз микрохирургияси, кардиология, дерматовенерология, эндокринология, нейрохирургия каби илмий-амалий тиббиёт марказлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар, хусусан, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари етарли эмаслиги, жойларда замонавий диагностика ва даволаш усуллари суст татбиқ этилаётгани, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ҳамда аҳоли ўртасида профилактика ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани муҳокама қилиниб, мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш кун тартибидаги кўриб чиқилган масалалар юзасидан қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик вазифалар белгилаб берилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамдаTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  16 декабр 2017, 09:11
Тиббиёт сохасидаги камчиликлар мухтарам Президентимиз куюнганларича бор,Инсоннинг ожиз тарафи (касаллиги) дан фойдаланиб қолиш илинжида юрган докторлар 95 фоизни ташкил қилади.Хусусий тиббиётнинг нархнамосини кўриб чиқиш керак.Давлат томонидан СОЛИҚЛАРДАН ИМТИЁЗ БЕРИЛСА, КРЕДИТДАН ИМТИЁЗ БЕРИЛСА, БОЖХОНАДАН ИМТИЁЗ БЕРИЛСА, ХУСУСИЙ ТИББИЁТГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН МАБЛАҒЛАРНИНГ МАНБААСИ (ТИББИЙ БИЗНЕСГА ТИКИЛГАН-ЙЎНАЛТИРИЛГАН МАБЛАҒНИНГ ҚОНУНИЙЛИГИ, КЕЛИБ ЧИҚИШ МАНБАИ) СЎРАЛМАСА НИМА УЧУН БУ ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ХИЗМАТ НАРХЛАРИНИ ЎЗИ ИСТАГАН БАХОДА ҚЎЙИШИ КЕРАК, БУ НАРХЛАРНИ НАЗОРАТ ҚИЛАДИГАН ВАҚТ КЕЛМАДИМИКАН ?
Мехмон
  15 декабр 2017, 15:13
Тибиет сохасида халиям камшиликлар куп! Тузатиш керак рахбарлар! Малакали ходимлар йук хисоби! Диогноз уйиб билмайдилар!
Реклама