Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази барпо этилади
02 декабр 2017, 20:17 693 кўрилди

alt

Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев  2017 йил 29 ноябрда "Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Янги вазирликнинг фаолият йўналишларига мамлакатда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятининг истиқболли ютуқларини тарғиб қилиш, бу борада самарали механизмларни ишлаб чиқиш, илмий-экспериментал ихтисослашган лабораториялар, юқори технологик марказлар, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмаларни мустаҳкамлаш киради.

Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасида барпо этиладиган Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий марказида бунинг учун барча шароит яратилади. Вазирлик ҳам шу марказда жойлашади.

Ушбу муассасада илмий-консультатив, иқтисодиёт тармоқлари инновацион эҳтиёжларини ўрганиш, ёшлар инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш хизматлари, масофавий таълим курслари йўлга қўйилади. Иқтидорли ёшлар бу ерда янги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида старт-ап лойиҳаларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Бу бўйича Шавкат Мирзиёев шундай деди: “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз. Шунинг учун ушбу фаолиятни замон талаблари даражасида ривожлантириш янги вазирлик, қолаверса, ушбу марказнинг асосий вазифаси бўлиши керак”.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама