Пойтахтда янги қурилаётган уйлардан сотиб олган вилоятликлар ва хорижликларга Тошкент пропискаси берилади
26 июл 2017, 10:30 1567 кўрилди

alt

Бошқа шаҳарликлар, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги йўқ шахслар янги қурилаётган турар-жойлардан сотиб олиш шарти билан пойтахтда ҳамда Тошкент вилоятида доимий пропискага эга бўлишади. Бу ҳақда "Норма" нашри Вазирлар Маҳкамасининг 19 июлдаги қарори асосида хабар қилади.

Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий пропискага эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароси кўрсатилган ҳудуддаги янги қурилаётган ёки қурилган уйлардан нархи энг кам ойлик иш ҳақининг 2500 баробаридан кам бўлмаган хонадонни ҳисоб-китобларни банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширган ҳолда харид қилиши мумкин. Бунда шартномада кўрсатилган сумманинг 5 фоизи миқдорида нотариал тасдиқлаш учун давлат божи тўланади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига бошқа давлатлардан келиб, вақтинча яшаш учун рухсатнома олган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар шартнома имзоланган муддатда Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича энг камида 150 минг доллар қийматдаги уйни хорижий валютани Ўзбекистоннинг ваколатли банки орқали сотишдан олинган миллий валютада харид қилиши мумкин. Шунингдек, нотариал тасдиқлаш учун шартнома суммасининг 10 фоизи миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилиши лозим.

Харид қилинган уйлар уч йил муддатда сотилса, савдо-сотиқ, алмаштириш ва совға қилиш шартномаларини нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ЭКОИҲнинг 400 баравари миқдорида белгиланди.

Ушбу шартлар асосида турар-жой харид қилган шахслар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискага туриш ҳуқуқига даъвогарлик қилиши мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  23 сентябр 2017, 14:28
Оддий одамлар учун бу суммани топиш кийинрок бу масалани яна енгиллаштирса яхши буларди
Реклама