Нон маҳсулотлари сифат талабларига жавоб бермайди — "Ўзстандарт"
22 феврал 2017, 15:45 2062 кўрилди

alt

Ўтган йилнинг охирги чорагида “Ўзстандарт” агентлигининг топшириғига биноан озиқ-овқатларнинг сифатини баҳолаш учун савдо расталаридан 34 хил кундалик ишлатиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниб, синов лабораториясига келтирилди. Келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 13 хили меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди. Бу ҳақда агентлик Тошкент шаҳар синов ва сертификатлаштириш маркази мутахассиси Ҳилола Тошпўлатова маълум қилди:

— Творог, қаймоқ, кефир, ош тузи, маргарин, колбаса маҳсулотлари сифат талабларига номувофиқ деб топилди. Творогни олиб қарайдиган бўлсак, лаборатория сифат текшируви ўтакзилганда бу маҳсулотдаги ёғнинг массавий улуши ёрлиғида кўрсатилган меъёрдан кам чиқди. Бу маҳсулотнинг ташқи кўриниши, яъни органолептик кўрсаткичлари ҳам меъёрга номувофиқ деб топилди. Масалан, ёғининг кўплигига қараб оқроқ, қаймоқрангга мосроқ бўлиши керак, текширувга олиб келинган бу турдаги маҳсулотларнинг ранги эса пуштироқ, ҳидли, мазаси нордонроқ бўлиб чиқди. Бундай ҳолатлар асосан маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнидаги техлогия талабларини бузилганида, растада сақланишида талабга риоя қилинмаганида кузатилади. Агар бундай маҳсулотлар текширилганда ёғ камлиги аниқланса, бу ишлаб чиқарувчининг айби ҳисобланади, истеъмолга яроқсизлигига, яъни органолептик кўрсаткичларнинг ўзгаришига эса ишлаб чиқаришдан тортиб растага етиб келинган ҳолатларда талабларнинг ва савдога қўйилган муҳитлар бузилиши ҳам сабаб бўлади.

Номувофиқ деб топилган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида кундалик истеъмол қиладиган ош тузимиз, маргарин, колбаса маҳсулотлари ҳам бор. Ҳаммага маълумки, юртимизда ишлаб чиқарилиб, истеъмолчига таклиф этилаётган ош тузлари йодланган ҳолда бўлиши керак. Аммо текширувдан ўтказилган ош тузларида бу меъёр бузилган, яъни йод миқдори кам чиқди. Ваҳоланки, аҳоли саломатлиги, унинг организмидаги йод танқислигига барҳам бериш учун ҳукумат томонидан тузларнинг йод билан ишлаб чиқарилиши давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Текширувдан ўтказилган олий навли колбасанинг таркибидаги крахмал миқдори меъёрий ҳужжатда кўрсатилганидан кўп чиқди. Кефирдаги ёғ миқдори ҳам ёрлиқдаги талабга мувофиқ чиқмади. Ёрлиқда агар ёғлилик кўрсаткичи 2 фоизли деб кўрсатилган бўлса, таркиб шунга мос бўлиши керак, аммо текширувда бунинг аксига гувоҳ бўлдик. Бундай ҳолатни истеъмолчини алдаш дея баҳолаш мумкин, чунки у кефирнинг ёғлилик миқдори 5 фоиз деб ёзилган ёрлиққа ишониб, қиммат пул тўлайди-да, арзон нархдаги 2 фоизлисини ёки ундан ҳам миқдордагисини харид қилади. Бу текширув натижаларининг ачинарлиси шундаки, сифати талабга жавоб бермайдиган аксарият маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари болалардир. Масалан, ёгурт, кефир, сут каби...

Нималарга эътибор бериш керак?

— Биринчи тавсия озиқ-овқат маҳсулотларини аввало кўча-кўйда сотилаётганда эмас, рухсат этилган ва лицензияси бор савдо шохобчаларидан харид қилиш керак. Масалан, тез айнийдиган, жумладан колбаса маҳсулотларини харид қилаётганда савдодаги муҳит, яъни сақлаш шароити, музлаткичлар мавжудлиги, ҳароратнинг меъёрдалиги, расталарнинг тозалиги талабга жавоб бераётганини кузатиш керак. Агар маҳсулот органолептик, яъни ташқи кўриниши билан шубҳа уйғотса, мувофиқлик сертификати, санитар талаблар қайд этилган ҳужжатларни сотувчидан сўраш керак. Тановвул қилмасдан туриб сифати сизда шубҳа уйғотган маҳсулотнинг ёрлиқдаги қайдларини ҳам кўздан кечиринг. Унда савдога рухсат этувчи барча маълумотлар, яъни маҳсулотнинг тўлиқ номи, ишлаб чиқарувчи ва унинг манзили, ишлаб чиқарилган меъёрий ҳужжат талабларидан тортиб сақлаш учун қўйилган талаблар ҳам ёзилади. Маҳсулотни савдога қўйиш учун талаблар дўконда мавжудлигига аниқлик киритиш лозим. Таркибдаги номувофиқлик бўйича шубҳангиз ҳақиқатга яқин келса, энг аввало ёрлиқда кўрсатилган ишлаб чиқарувчи билан боғланинг ва изоҳ сўранг.

Талабларни бузганлик учун жавобгарлик қандай?

— Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда талаблар бузилса, аввало ишлаб чиқарувчига нисбатан огоҳлантириш эълон қилинади. Огоҳлантиришдан сўнг такрорланган меъёрлар бузилиши учун маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланади. Учинчи бор номувофиқлик кузатилса, ишлаб чиқариш учун берилган мувофиқлик сертификати бекор қилинади. Бундан ташқари раҳбарият талаби билан масъулиятсизлик билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар агентлик сайтида тўлиқ манбалари билан эълон қилинади. Бундай чора-тадбирлар албатта истеъмолчилар томонидан ўша сифатсиз маҳсулотга нисбатан ишончсизлик уйғотиши ва харидни чеклашга асос бўлиши шубҳасиз, шу билан бирга ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам тартибли фаолият юритишини таъминлаш учун фойдали бўлиши сир эмас.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри синов ва сертификатлаштириш маркази Кимё биология лабораториясида кундалик истеъмол қилинадиган “буханка” нонининг бир донаси мисолида сифати текширилган. Текширувга олиб келинган нон 2-сорт ундан тайёрланган ноннинг намлиги меъёрдан юқори, ғоваклик даражаси ҳам талабга мувофиқ эмаслиги аниқланган.

Талаблари қандай бўлиши керак?

— Намлик 45 фоиздан ошмаслик керак, бу маҳсулотники эса 48,5 фоиз чиқди. Ғоваклиги ҳам 65 фоиздан кам бўлмаслиги керак, бу маҳсулотники 66 фоиз чиқди. Бу жуда ёмон эмас-у, аммо тўла сифатли деб ҳам бўлмайди. Нон маҳсулоти таркибида ёт моддалар, минераллар бўлмаслиги керак. Ишлаб чиқарилганидан кейин 16 соатдан кўп сақланганда сифати бузилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Мехмон
  22 феврал 2017, 18:35
Сифат текшируви утказилиши керакли, зарурий талаб.
Хайрон коласан одам .Нима учун фойда олиш бошкалар хисобидан булиш керак деб хисоблаймиз.
Шокалад ишлаб чикарувчи рекламага, акцияга , ютугига автомобил куйилган лотореяга кетган маблагларни сифатга, таркиб софлигига сарфласа хам нуфуз хам фойда хам обруга эга булишини нахотки тушунмайди!?
Умуман озик овкат ширинликлар сакичлар рекламаси такикланиши,
истемолчи этирофи ортидан савдо килишликни уйлаб куриш керак.
Реклама