Концерт-томоша фаолияти учун лицензия олган жисмоний шахслар даромад солиғидан тўлиқ озод қилиндими?
14 июл 2017, 11:08 885 кўрилди

alt

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олган жисмоний шахсларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан тўлиқ озод қилингани тўғрими? Умуман, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олган жисмоний шахслар қандай солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди?

Ушбу саволга Давлат солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси бошқармаси давлат солиқ бош инспектори Икром Аллаберганов жавоб берди.

«Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ, концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг хулосалари асосида «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси томонидан амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 5-бандига асосан, лицензия концерт-томоша фаолиятининг 6 рейтинг гуруҳлари бўйича берилади:

а) I, II, III, IV рейтинг гуруҳлари берилиши:

яккахон ижрочи концертини ташкил этиш (битта ижрочининг яккахон концерт дастури);

битта жанрнинг икки ёки ундан кўп ижрочиси иштирокидаги концерт дастурида иштирок этиш;

турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида иштирок этиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видео клиплар тақдим этиш;

тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини беради;

б) V вa VIВ рейтинг гуруҳлари берилиши тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга концерт хизмати кўрсатиш (ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар ва хусусий уйларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш), шу жумладан, кўнгилочар ташкилотларда (клублар, дискотекалар, ресторанлар, барлар ва қаҳвахоналарда) концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра, лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилиши мумкин.

Низомнинг 16-бандига мувофиқ, лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида (бугунги кунда 299 550 сўм) йиғим ундирилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун давлат божи ставкалари ҳам тасдиқланган бўлиб, унга кўра концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчилар рейтинг гуруҳларидан келиб чиққан ҳолда, йилига энг кам ойлик иш ҳақининг (ЭКИҲнинг) I рейтинг учун ЭКИҲнинг 195 баравари миқдорида (бугунги кунда 29206,1 минг сўм), II рейтинг учун ЭКИҲнинг 98 баравари (14677,9 минг сўм), III рейтинг учун ЭКИҲнинг 65 баравари (9735,4 минг сўм), IV рейтинг учун ЭКИҲнинг 40 баравари (5991,0 минг сўм), V рейтинг учун ЭКИҲнинг 26 баравари (3894,1 минг сўм) ва VI рейтинг учун ЭКИҲнинг 13 баравари (1947,1 минг сўм) миқдорида давлат божини тўлайдилар.

Солиқ кодексининг 180-моддаси биринчи қисми 8-бандига асосан, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи литензияга эга бўлган шахслар – ушбу фаолиятдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тўлиқ озод қилинади.

Айни пайтда шунга эътибор бериш керакки, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лиwензиига эга бўлган жисмоний шахслар фақат концерт-томоша фаолиятидан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади. Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи литензиясига эга бўлган жисмоний шахсларнинг концерт-томоша фаолиятидан ташқари олган барча даромадлари белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама