Иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш имкони пайдо бўлади
05 ноябр 2013, 15:50 801 кўрилди

altДавра суҳбати иштирокчилари иқлимга боғлиқ хавфларни бошқариш иқлим билан боғлиқ табиий офатлар юзага келиши натижасида етказилиши мумкин бўлган зарарларни камайтирадиган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва қабул қилишни кўзда тутишини қайд этдилар.

Тадбир қатнашчилари эътиборига лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик ва идоралар хатти-ҳаракатларини мувофиқлаштириш тўғрисидаги ахборот тақдим этилди. Шунингдек, идоралараро ҳамкорликни яхшилашнинг ахборот алмашиш билан боғлиқ механизмлари ва бу борадаги хорижий тажриба муҳокама этилди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида далаларни лазер ёрдамида режалаштириш ускуналари сотиб олинди ва Қашқадарё вилояти фермерларига берилди.

Вилоятдаги беш тажриба участкасида иссиқхоналар қурилиб, томчилатиб суғориш учун ускуналар ўрнатилди.

Ҳар чоракда Қашқадарё вилоятида иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш масаласи юзасидан ахборот бюллетенлари чоп этилиб, уларда фермерлар учун турли фойдали маълумотлар бериб борилаётир.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар замонавий ахборот технологиялари, етказилиши мумкин бўлган зарар кўламини ишончли баҳолаш ва табиий офатлардан суғурталаш тизимини ривожлантириш асосида идоралараро фаолиятни янада кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар, деб хабар беради ЎзА.

Бизнинг маълумот.

Ўзбекистонда 2011 йилдан буён БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда иқлим билан боғлиқ хавфларни бошқариш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилояти лойиҳани амалга ошириш учун тажриба ҳудуди сифатида танланган.

Шархлар
Реклама