Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди
28 ноябр 2017, 11:09 1485 кўрилди

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарор имзолади. Қарор матни ЎзАда келтирилди.

Қарорда  Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланиши, улар ушбу санани нишонлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиши қайд этилган.

Тадбирлар режасида қуйидагилар назарда тутилиши белгиланган:

2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш;

Қарши шаҳрида Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш;

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китобини, “Маънавият” нашриётида Ислом Каримовнинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларини, шунингдек, “Президентга мактублар” китобини нашр этиш ҳамда белгиланган тартибда таълим масканлари, ахборот-ресурс марказлари, маданий-маърифий муассасалар ва маҳаллаларга етказиш;

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди билан биргаликда “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказиш;

2018 йилнинг I чорагида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловини якунлаш ва унинг ғолибларини тақдирлаш;

таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этиш. 

Шархлар
Реклама