Ўзнефтмаҳсулот: "Ваҳимага тушманг, бензин билан муаммо бўлмайди"
12 ноябр 2013, 11:59 905 кўрилди

alt

Компания матбуот хизматининг хабар беришича, ҳозирда АЁҚШларда навбатлар кузатилмоқда. Бунга "Ўзнефтмаҳсулот"га боғлиқ бўлмаган омиллар сабаб бўлмоқда. 

Биринчидан, бензин нархининг ошиши ҳақида тарқалган миш-мишларга ойдинлик киритадиган бўлсак, такроран маълум қиламизки, йил охиригача бензин нархи кўтарилмайди, дейилади компания баёнотида. 

Иккинчидан, аҳоли орасида шу йилнинг декабрь ойида АЁҚШларда бензин бўлмаслиги ҳақида тарқалган миш-мишлар ҳам асоссиз бўлиб, компания декабрда АЁҚШларга нафақат режадаги миқдорда балки, ишлаб чиқариш ҳажми ортагин муносабати билан қўшимча равишда бензин тарқатилиши ҳақида маълум қилади. 

Учинчидан, таъкидлаш зарурки, юқорида келтирилган миш-мишлар сабаб автомобиль эгалари бензин кўпроқ  харид қилишга, ҳатто уйларида ва гаражларда заҳирага олиб қўйишга уринишмоқда. Баъзида бензинни тўлдириб олиб, нарироқда идишга бўшатиб яна қайтадан бензин олишга уринишлар ҳам учраб турибди. Шу ўринда ёнувчи маҳсулотларни мумкин бўлмаган жойларда сақлаш оқибатлари ачинарли бўлиши мумкин.

Тўртинчидан, таъбир жоиз бўлса асосий сабабларидан бири шук, шаҳарда йилдан-йилга автомобиль сони ортиб бораяпти ва табиий равишда бензинга бўлган талаб ошмоқда. 

АЁҚШларда вазиятни барқарорлаштириш учун "Ўзнефтмаҳсулот" АК томонидан нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқаришни ошириш, жумладан, импорт эвазига углеводород хом-ашёларини олиб келиш орқали бензинга бўлган талабни қондириш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

"Юқоридагиларни инобатга олиб, миш-мишларга ишонмасликни ва ваҳимага тушмасликни сўраймиз", - деб хабар беради "Ўзнефтмаҳсулот" АК.

 

Шархлар
Реклама