Ўзбекистоннинг энг ёш вазир ўринбосари танлов эълон қилди
17 июл 2017, 18:15 2229 кўрилди

alt

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев вазирлик томонидан Ёшлар Иттифоқи ва "Ёшлар" телеканали билан ҳамкорликда янги лойиҳа иш бошлаши ҳақида маълум қилди.

Вазир ўринбосари Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон илм-фан, спорт, санъат ва маданиятига оид энг илғор ғояларни оммавий узатиш ва тинглашга имкон яратиб берувчи платформа бўлиб хизмат қилади. Унда иштирок этишни истаганлар "Ёшлар" телеканалида ўзларининг ибратли ғоялари, тажрибалари ва ҳикояларини омма билан баҳам кўришлари, яъни тақдимот қилишлари керак бўлади. Тақдимот мавзулари, Алишер Саъдуллаевнинг айтиши бўйича, масалан, пойабзал ишлаб чиқарувчининг тадбиркорлик фаолияти, шаҳар ҳокимининг ўз фаолияти давомида дуч келган ибратли, барчани ларзага соладиган ҳикояси, илмий ходимнинг ихтироси, ўлим билан олишиб тирик қолган беморнинг ташаккури, талабанинг Start up ғояси, ўт ўчирувчининг оиласи ва ҳаёти, доимо кулиб юрадиган боғбон маслаҳатлари, журналистнинг жасорат ҳикояси, Ўзбекистонда экстремал спорт ва бошқалар бўлиши мумкин.

Лойиҳанинг халқаро муқобили – ТEД (www.ted.com) платформасидан фарқи шундаки, унинг асосий фаолияти интернет эмас, балки телевидение канали орқали олиб борилади ва бу билан кенг омма қамрови таъминланади. 

"Биз ҳозирда жамоамиз билан лойиҳанинг тартиби, низоми ҳамда иштирокчилар/тақдимотчилар учун стандард кўрсатмаларни ишлаб чиқмоқдамиз. Миллий қадриятларимизни, Ўзбекистон шарт-шароитларини эътиборга олган ҳолда ушбу лойиҳа бўйича ҳар қандай фикрларингизни кутиб қоламиз. Буюк бобокалонимиз Амир Темур айтганларидай, "Куч - бирликда". Келинглар, биргалашиб ушбу лойиҳани амалга оширайлик!", - дейди Алишер Саъдуллаев.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама