Ўзбекистоннинг ҳар бир туман ва шаҳарларида "Халқ қабулхоналари" ташкил этилади
07 декабр 2016, 23:58 3777 кўрилди

alt

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кириб келаётган 2017 йил юртимизда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилинди.

Ш.Мирзиёев 7 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда бу борадаги энг долзарб ва устувор вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтди.

"Аввало, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"нинг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор.

Биз аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат идоралари фаолиятида одамлар билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш ҳақида ўйлаяпмиз. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур", дейди Президент.

Бундай қабулхоналар сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси тизимида фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳуқуқий мақомини, ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

 

Шархлар
Мехмон
  21 декабр 2016, 21:09
самарканд вилояти пайарик туманида Челек дехкон бозори пайарик тумани хокими томонидан бузиб ташланди сабабини ахолига ва челек халкига айтмаяпти халкда норозичилик хокимга нисбатан жуда катта Хоким Абдумумин Жураев Президентимиз фармонларига зид янъни карши чикаяпти Челек шахридаги одам гавжум жойлар дукон учун 5000 акш доллоридан сотиб тугатилди Энди навбат ишлаб турган бозорни бузиб ерини кайта сотмокчи
Реклама