Ўзбекистонлик мусулмонлар Ҳаж зиёратини якунлашди
17 октябр 2013, 20:00 1049 кўрилди

 

altДин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонлик зиёратчилар Зулҳижжа ойининг 9-куни дуолар қабул бўладиган маскан Арафот манзилида жам бўлдилар. Бу ерда бўлажак ҳожиларимиз кун мобайнида такбиру тасбеҳлар, зикр ва дуои илтижолар билан машғул бўлдилар. Улар ўз дуоларида Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини Аллоҳдан сўраб дуои фотиҳалар қилдилар. Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жаноби олийларига ҳожиларимиз табригини йўллади.

Унда шундай жумлалар бор:

"...Ушбу саодатли кунларда Сизни ва Сиз орқали бутун юртдошларимизни улуғ айём - Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини адо этаётган ҳожиларимиз номидан чин қалбдан самимий муборакбод этамиз.

Истиқлол шарофати билан динимиз арконларини эмин-эркин  бажариш учун барча шароитлар, хусусан, Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратиб берилаётган имконият ва қулайликлар Сизнинг ўз халқингизга бўлган оталарча ғамхўрлигингиз намунасидир.

Биз ўзбекистонлик ҳожилар Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара сингари қутлуғ заминда туриб, Сизнинг раҳнамолигингизда мустақил юртимиз ҳамиша омон, элимиз тинч, осмонимиз мусаффа, турмушимиз янада обод бўлишини Яратгандан илтижо қилиб сўрамоқдамиз.

Муҳтарам Президент Жаноблари, Аллоҳ таолодан Сизга узоқ умр,  мустаҳкам соғлик, бахт-саодат тилаб, халқимиз ва азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини сўраб дуолар қилиб қоламиз...".

Бугун ўзбекистонлик зиёратчилар меҳмонхонага жойлашадилар. 20 октябрдан, 1 ноябрга қадар эса уларнинг барчаси Ватанимизга қайтиб келишади.

Шархлар
Реклама