Ўзбекистонлик икки қиз фирибгарнинг ёлғонига алданиб қолишди
18 ноябр 2013, 17:16 12634 кўрилди

altУ алдов йўли билан қизларнинг ишончига кириб, уларни Туркияда яхшигина ҳақ эвазига ишлашга таклиф қилди. Бироқ, Истанбулга олиб боргач, уларни жиноий гуруҳ қўлига топширди. Туркияда қизларни фохишалик билан шуғулланишга мажбур қилишди. 

Лекин яширин жиноят барибир ошкор бўлди. Ш.Хусановнинг "жонли" товарни жўнатиш операцияси амалга ошмай қолди. Унинг ўзи эса қилмишига яраша жазо олди. 

2012 йилнинг июнь ойида "Чилонзор буюм бозори" атрофида Ш.Хусанов ўзининг навбатдаги қурбонлари билан танишади. Феруза Носирова (1978 й.т.) ва Муножат Каримовалар (1982 й.т.) осонгина унинг "қармоғига" илинишади. Ш.Хусанов қизларга синглиси Туркияда адвокатурада ишлашини ва у яхшигина маош эвазига энагаликка оид иш топиб бера олишини айтади. Ойига 600 АҚШ доллари олишларини эшитган қизлар, шу заҳоти Туркияга боришга розилик беришади. 

Орадан бир неча кун ўтгач, қизлар айтилганидек паспортлари ва самолёт чиптаси учун 1 миллион 680 минг сўмдан пул олиб келишади ва белгиланган куни "Тошкент" халқаро аэропортида учрашиб Истанбулга учиб кетадилар. Туркия аэропортида уларни Хусановнинг синглиси кутиб олиши керак эди. Бироқ, Хусанов уларни "Гранд орол" мехмонхонасига олиб боради ва ҳозир қайтишини айтиб чиқиб кетади. 

Шундан кейин, хонага ўзини Мадина деб таништирган бегона аёл киради. Мадина уларни ўзининг уйига олиб кетмоқчи бўлади, бироқ қизлар аввалига кўнишмаган бўлсада, барибир у билан кетишга рози бўлишади. Таксида Мадина қизлардан Туркияга нима мақсадда келишганини сўрайди. Қизлар ўз навбатида бўлиб ўтган воқеани гапириб беришади. Шунда Мадина бу ерда энагаликка иш йўқлигини айтади. Манзилга етиб боргач эса, қизлар аслида кимга "ғамхўрлик" қилиш кераклигини тушуниб етишади. 

Маълум бўлишича, уларнинг янги таниши Мадина хонадонни ижарага олган ва янги-янги қизларни топиб, уларни ўз мижозларига таклиф қилиш билан шуғулланиб келган. Бу ишда унга Шухрат Хусанов ва унинг рафиқаси Зулфия яқиндан ёрдам беришган.

Қизларни уйга жойлаштириб, бироз ўтиб турк танишини ҳам шу ерга бошлаб келган Мадина унга "хизмат" қилишга буюрган, рад жавобини олгач дўқ пўписа йўлига ўтган. Қизлар учун катта пул тўлагани ва энди улар буни оқлашлари лозимлигини айтган Мадина Тошкентдан борган қизларга бақира бошлаган. Лекин қизлар ҳам бўш келишмади ва ёрдам сўраб овозларини борича улар ҳам бақира бошлайдилар. Мадинани бироз чўчитиш уддасидан чиққан қизлар хонадондан қочиб чиқиб, мехмонхонага қайтишган. Бироқ шу пайтда улардан бири хушини йўқотган. Унга хонада нимадир қўшилган ичимлик беришган эди. Дугонаси эса шу пайт Ўзбекистондаги акасига СМС ёзишга улгуради. 

Иш пачава бўлганини тушунган Ш.Хусанов оқибатини ўйлаб, қизларни Ватанга қайтаришга ёрдам беради, лекин барибир жазодан қутулиб қололмайди. 

2013 йилнинг январь ойида Ш.Хусанов иши юзасидан суд мажлиси  бўлиб ўтди. Чилонзор туман жиноят ишлари суди уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир неча моддалари, хусусан одам савдоси, жиноий гуруҳ тузиш бўйича айбдор деб топди. Натижада Хусанов 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

 

 

Шархлар