Ўзбекистондан олиб чиқилаётган 100 тоннадан зиёд металл ушлаб қолинди
07 ноябр 2013, 17:29 703 кўрилди

altНатижада қиймати салкам 234 миллион сўмлик 104 тоннага яқин қора ва рангли металл чиқиндиларининг мамлакатимиздан ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйилган. 

 

Жумладан, Қашқадарё вилояти божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан бирга ўтказган тадбирда Қарши туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ш.Зоиров ноқонуний ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани аниқланган. Унинг хонадони амалдаги тартибга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, рангли металл парчалари ноқонуний равишда тўпланаётгани ҳамда улардан қўлбола усулда алюмин қозонлар тайёрланаётгани маълум бўлган. Кўздан кечириш вақтида хонадонда 85 дона қозон ва уларни тайёрлашда фойдаланилган 27 дона қолип, салкам 190 килограмм алюмин парчалари ва бошқа асбоб-ускуналар борлиги аниқланган.

 

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Чуқурсой” темир йўл станциясида қўшни давлатга йўл олган юк поезди божхона назоратидан ўтказилганда, оғирлиги салкам ярим тонна бўлган рангли металл парчалари ноқонуний олиб кетилаётганлиги аниқланган. Қиймати 2,000,000 сўмдан ортиқ ушбу металл парчаларини қўшни давлат фуқароси С.Аширбеков ҳеч қандай ҳужжатсиз олиб чиқишга урингани шу тариқа якун топган.

 

Сурхондарёлик божхоначилар томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги тадбир давомида фуқаро Н.Шайманов бошқарувидаги автомашина юкхонасида 1,6 тоннадан ортиқ рангли металл парчалари ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланган.

 

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши билан бирга, бундай қонунбузарликларга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 5 февралда қабул қилинган “Рангли металлар парчалари ва чиқиндилари экспортини тартибга солиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, рангли металлар парчалари ва чиқиндиларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетиш тақиқланган.

 

 

Шархлар
Реклама