Ўзбекистонда ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқитилади ва уларга стипендия тўланади
19 апрел 2017, 13:02 1972 кўрилди

alt

2017 — 2020 йиллар давомида республика ҳудудларида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини босқичма-босқич ташкил этилади. 

Norma.uz маълум қилишича, Ташкил этилаётган марказлар давлат таълим муассасалари ҳисобланади ва бевосита Меҳнат вазирлигига бўйсунади. Уларнинг фаолиятига умумий ўқув-методик раҳбарлик қилиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига юкланади.

Кўрсатилган марказлар қуйидаги мақсадларда ташкил этилмоқда:

  • ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ишсиз ва вақтинча банд бўлмаган, шу жумладан доимий ишга эга бўлмаган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва касблар бўйича — 1 йилгача бўлган муддатда касб-ҳунарга бепул қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган, иш излаётган шахсларни, шунингдек иш берувчиларнинг буюртманомалари бўйича — ходимларни, ҳар йили ўқишга олинадиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва касб-ҳунарлар бўйича — тўлов асосида қисқа муддатли ўқитишни ташкил этиш.

Ташкил этилаётган марказларнинг раҳбарлари, ўқитувчилари, усталари ва бошқа ходимлари меҳнатига касб-ҳунар коллежларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган базавий тариф ставкалари татбиқ этилади. Бунда ташкил этилаётган марказларнинг ўқитувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларининг лавозим маошларига Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан тўланадиган 40%гача миқдорда доимий устама белгиланди.

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар жумласидан бўлган ўқувчиларга ташкил этилаётган марказларда бевосита бепул ўқиётган даврида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, қонун ҳужжатларида белгиланган ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида, 6 ойдан кўп бўлмаган муддат мобайнида стипендия тўланади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама