"Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти" таъсис этилди
19 октябр 2017, 12:26 779 кўрилди

alt

Ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фидокорона меҳнат қилиб келган, соҳа ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган ёшларга давлат ва жамият олдидаги хизматлари учун эътироф ва рағбатлантириш мақсадида "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти" таъсис этилди.

Мукофот ёшларга қуйидаги номинациялар бўйича ҳар йилда бир марта берилади:

— Давлат бошқарув соҳасида

“Йилнинг энг яхши ёш депутати”, “Йилнинг энг яхши ёшлар масалалари бўйича ҳоким ўринбосари”, “Йилнинг энг яхши ёшлар масалалари бўйича МФЙ раиси ўринбосари”, “Йилнинг энг яхши ёш маҳалла посбони”, “Йилнинг энг яхши ёш ички ишлар ходими” номинатсиялари

— Иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳасида

“Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши ёш фермери”, “Йилнинг энг яхши ёш ишчиси”, “Энг яхши фидойи ёшлар отряди аъзоси” номинатсиялари;

— Фан-таълим ва ижтимоий соҳада

“Йилнинг энг яхши ёш олими”, “Йилнинг энг яхши ёш ихтирочиси”, “Йилнинг энг яхши ёш дастурчиси”, “Йилнинг энг яхши ёш ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши ёш китобхони”, “Йилнинг энг яхши ўқувчиси”, “Йилнинг энг яхши талабаси”, “Йилнинг энг яхши етакчиси” номинатсиялари.

— Санъат, маданият, журналистика ва спорт соҳасида

“Йилнинг энг яхши ёш актёри”, “Йилнинг энг яхши ёш кино ижодкори”, “Йилнинг энг яхши ёш қўшиқ ижрочиси”, “Йилнинг энг яхши ёш бастакори”, “Йилнинг энг яхши ёш журналисти”, “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори”, “Йилнинг энг яхши ёш ҳунарманди”, “Йилнинг энг яхши ёш рассоми”, “Йилнинг энг яхши ёш ҳайкалтароши”, “Йилнинг энг яхши ёш дизайнери”, “Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” номинатсиялари.

Мукофотга тавсия этилган номзодлар орасидан муносиблари топилмаган тақдирда тегишли номинациялар сони камайтирилиши ёки берилмай қолдирилиши мумкин.

Мукофотни беришда ёшларнинг фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда, йил давомидаги иш самарадорлиги, ўз соҳасига киритган инноватсияси, тизим ёки соҳани ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси, фаолияти орқали давлат ва жамият ҳаётига келтирган амалий фойдаси, шунингдек меҳнатсеварлиги, фидоийлиги, интизоми, иқтидори, жамоат ишларидаги фаоллиги, давлат ва халқаро миқёсда эришган ютуқлари соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганлигига эътибор қаратилади.

Мукофот Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда мамлакатимиз ривожи йўлида жонбозлик кўрсатаётган чет эл фуқароларига берилади.

Мукофот илгари бошқа мукофотлар билан тақдирланган ёшларга ҳам берилиши мумкин.

Мукофотга номзодлар вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилади, тавсияномалар ҳамда номзод фаолиятига оид ҳужжатлар тақдим этилади.

Мукофот совриндорлари “Янги йил” байрами арафасида тантанали равишда тақдирланади.

Мукофот совриндорларига энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида пул мукофоти, статуэтка ва махсус диплом топширилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ахборот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама