«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони таъсис этилди
10 октябр 2017, 20:01 586 кўрилди

alt

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида фармон имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Эсдалик нишони Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан ҳамда мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларига муносиб ҳисса қўшган фуқароларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилди.

«Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони 0,25 микрон қалинликдаги олтин билан қопланган мис қотишмасидан тайёрланади ва диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлади. Эсдалик нишонининг қалинлиги – 2,2 миллиметр.

Унинг олд томони марказида оқ эмалдан ишланган саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Юлдуз марказида, таралаётган қуёш нурлари фонида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангли эмалдан ишланган ҳилпираб турган тасвири акс этган.

Юлдузнинг тепа қисмида баландлиги 3,5 миллиметр бўлган «25» ёзуви, пастки қисмида эса баландлиги 2,5 миллиметрли «йил» ёзуви жойлашган. Эсдалик нишонининг пастки қисмида, саккиз қиррали юлдуз остида мовий рангдаги эмалдан ишланган очилган ҳолатдаги китоб – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тасвири акс эттирилган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

 
Шархлар
Реклама