Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Ёшлар иттифоқи ўртасида тузилган меморандумда қандай масалалар белгиланган?
17 июл 2017, 16:54 675 кўрилди

alt

Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Меморандумни тузишдан мақсад – ташкилотлар ўртасида икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришдан иборат.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ушбу меморандумда қандай масалалар белгилаб олингани ҳақида маълум қилди:

– ёшларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, онги ва қалбида мустақиллик ғояларига содиқлик, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик , фидойилик ҳиссини қарор топтириш ва ривожлантириш, турли мафкуравий таҳдидлардан асраш;

– демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларда ёшлар фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимларга эга ташаббускор, шижоатли, эл-юрт манфаати йўлида бор куч-ғайрати, билим ва салоҳиятини сафарбар қиладиган, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар сафини кенгайтириш;

– ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оила муқаддаслиги ғояларини кенгш тарғиб қилиш, эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ажралишининг олдини олишга қаратилган самарали тадбирларни амалга ошириш;

– ёшларни, айниқса, улар уюшмаган қисмининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга, ижодий тўгараклар ва турли, жумладан, хорижий тилларни ўргатиш ўқув курсларига кенг жалб этиш;

– ёш оилалар, хусусан, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратишга қаратилган мақсадли ишларни ташкил этиш.

Мазкур меморандум ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ, манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ўқиш ва меҳнат қилиш, уй-жойга эга бўлиш, ишлаб чиқаришга доир масалаларни ҳал қилишда қатнашиш, етарли даромадга, тўлақонли дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш ҳақидаги қонуний кафолатларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама