Ўзбекистон банкларининг умумий капитали 6,4 трлн. сўмдан ўтиб кетди
30 октябр 2013, 18:34 836 кўрилди

altБу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Айни вақтда банк тизими етарли капитали 23,7 фоизни ташкил қилиб, Халқаро банк назорати Базель қўмитаси томонидан қўйилган талабдан 3 марта ортиқ (8%).

Банк тизимининг жорий ликвидлик даражаси бир неча йилдан буён 65 фоиздан юқори бўлиб, белгиланган минимал даражадан 2 баробардан ҳам зиёдни ташкил этди.

Банк активлари ўтган 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 30,9 фоизга ўсиб, 39,4 трлн. сўмдан ошиб кетди

2013 йилнинг 9 ойида иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми ўтган 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 31,3 фоиз кўпайиб, бугунги кунда уларнинг миқдори 22,7 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Банкларнинг инвестиция мақсадларига ажратилган инвестицион кредитлари миқдори ҳам 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ошиб, 2013 йил 1 октябрь ҳолатига кўра уларнинг миқдори 5,5 трлн. сўмдан ошиб кетди.

Иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш борасида ноанъанавий ёндашувнинг амалга оширилиши натижасида тижорат банклари балансига қабул қилинган 123 та иқтисодий ночор корхона ишга туширилиб, янги стратегик инвесторларга сотилди. Натижада 25 мингдан зиёд қўшимча иш ўринлари яратилди.

Мазкур корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган 652,4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кичик бизнесни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида кичик бизнес субектларига ажратилган кредитлар ҳажми 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробарга ошиб, 2013 йил 1 октябрь ҳолатига кўра 5,6 трлн. сўмни ташкил этди 

микрокредитлар ҳажми 1135 млрд. сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич ҳам 2012 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,3 баробарга ошди.

Шунингдек, банклар томонидан ёшларни, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор бериб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур йўналишга 108,3 млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 баробарга ошди.

Мамлакатимиз банкларининг барқарор ҳолати, банк тизимига бўлган ишончнинг йилдан-йилга ошиши ҳамда аҳоли реал даромадларининг ўсиб бориши аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларининг бўш пул маблағларини омонатларга жалб қилишнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тижорат банкларининг капиталлашув даражасини янада ошириш, ушбу соҳага хусусий капитални кенг жалб қилиш, ресурс базасини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида банкларнинг жами депозитлари миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,7 фоизга ўсиб, бугунги кунда уларнинг миқдори 23,2 трлн. сўмдан ошди

Ҳисобот даврида молиявий хизматлар таркибида, бевосита банк хизматларининг улуши 87,1 фоизни ташкил этиб, бу кўрсаткич ҳам 2012 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 баробар ошди.

Шархлар
Реклама