"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамияти ташкил этилди
19 мая 2017, 20:32 1108 кўрилди

alt

"Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони эълон қилинди.
Фармонга мувофиқ мамлакатимизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, сув-энергетика ресурсларини бошқаришнинг ягона тизимини шакллантириш, электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланадиган гидроэнергетика ресурслари улушини изчил ошириш, янги экологик тоза энергия ҳосил қилувчи қувватларни ташкил этиш, мавжуд гидроэлектростанцияларни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, гидроэнергетикани ривожлантиришга хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва шу асосда корхоналар ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини янада тўлароқ қондиришни таъминлаш мақсадида "Ўзсувэнерго" бирлашмаси негизида "Ўзбекгидроэнерго" акциядорлик жамиятини ташкил этилди.

"Ўзбекгидроэнерго" АЖ Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси таркибига киради.

Мазкур АЖнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

гидроэлектростанцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга ошириш, гидротехник иншоотлардан хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, гидроэнергетика объектларини марказлаштирилган технологик бошқариш;

гидроэнергетика салоҳиятини комплекс ўзлаштириш асосида гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда республикамизнинг энергетика баланси таркибида гидроэнергетиканинг улушини кўпайтиришни таъминлаш;

йирик, ўрта, кичик ва микро гидроэлектростанцияларни лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида замонавий ва ҳар томонлама чуқур асосланган илмий-техник ечимлар асосида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизациялаш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этиш бўйича халқаро компаниялар ва молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

республикамизнинг сув салоҳиятига тежамкорлик билан муносабатда бўлишни таъминлаш, гидротехника иншоотларини қуриш ва улардан фойдаланишда мавжуд флора ва фаунани сақлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг иқлим, табиий ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларини самарали бошқариш;

гидроэнергетика соҳасида олий ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрларни тизимли асосда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

Ташкил этилаётган "Ўзбекгидроэнерго" АЖнинг дастлабки устав капитали гидроэнергетика энергия ҳосил қилувчи корхоналарининг давлат улуши номинал қиймат бўйича берилади, шунингдек, "Гидролойиҳа" АЖ, "Гидромахсусқурилиш" АЖ, "Ўзбекгидроэнергоқурилиш" АЖ ва "Сувсаноатмаш" АЖнинг устав капиталидаги акцияларнинг давлат пакетлари ҳисобига шакллантирилади.

Фармоннинг тўлиқ матни билан ЎзАда танишиш мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар