Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, "Саноатгеоконтехназорат" ҳамда "Ўзбеккино"нинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди
13 ноябр 2017, 11:03 1265 кўрилди

alt

Адлия вазирлиги томонидан 9 ноябрь куни вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг юридик хизмат ходимлари иштирокида “Норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида анжуман ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилади.

Анжуманда норма ижодкорлиги, хусусан қонун лойиҳалари, Президентнинг ҳамда Ҳукуматининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда ва Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилиши аҳволи танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, тадбир давомида вазирлик ва идоралар томонидан ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш борасидаги ишлари қониқарсиз даражада эканлиги айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур йўналишда Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларга уларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқори турувчи қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритилади ва уларнинг бажарилиши аҳволи назорат қилинади.

Шу ўринда, айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур тақдимномалар бажарилмаганлиги, шунингдек Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг мансабдор шахсларига нисбатан мазкур ҳолат бўйича маъмурий жазо чоралари қўлланилганлиги таъкидланди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама