Фуқаролар томонидан Аҳмадбойга топширилган 100 дан ортиқ автомобиллар ўз эгаларига қайтарилди

фев 01 / 2018

alt

Аҳмаджон Турсунбоев (Аҳмадбой)нинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган пайтда олиб қўйилган 105 та турли русумдаги автомобиллар ўз эгаларига қайтариб берилди. Бу ҳақда "Ахборот 24" дастурида хабар қилинди.

МХХ тергов бошқармаси томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида маълум бўлишича, фуқаролар бу транспорт воситаларини икки баробар кўпайтириб олиш шарти билан ихтиёрий равишда топширишган. Жараённи ўрганишда автотранспорт воситалари учун уни топширган одамлар Аҳмадбойдан пул маблағлари олмаганликлари аниқланган. 

Эслатиб ўтамиз, Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июнь ойида Чиноз туманида қўлга олинган эди. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган.

Текширувлар давомида Аҳмаджон Турсунбоевнинг уйи ва корхонасида 13 млрд 139 млн сўм ва 7 млн 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ва Cadillac Escalade, BMW, Lexus каби қимматбаҳо автомашиналари мавжудлиги аниқланган.

Аҳмаджон Турсунбоев Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбланмоқда: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) “а”, “б” бандлари, 188-модда (Давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) “а”, “в” бандлари.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *