Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади
07 ноябр 2017, 21:25 957 кўрилди

alt

Эндиликда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхатига киритилган дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари учун қатъий нархлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Бу давлат раҳбарининг 7 ноябрда имзолаган фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Президентнинг 2016 йил 31 октябрдаги ПҚ–2647-сон қарори билан ташкил этилган Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни назорат қилиш республика комиссияси унинг функцияларини Соғлиқни сақлаш вазирлигига юклаган ҳолда тугатилди. 

Вазирлик уч ой муддатда Инвестициялар бўйича давлат кўмитаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг қатъий нархини, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг тартибга солинадиган нархларини белгилаш тартибини тасдиқлайди.

Ушбу муддат давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш, нархини белгилаш тартибини такомиллаштиришни, қонунчиликка “in bulk” маҳсулотнинг аниқ белгиланган тушунчасини киритишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама