"Чорвоқ" эркин туристик зонаси ташкил этилади
06 декабр 2017, 17:12 684 кўрилди

alt

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Фармон билан Тошкент вилоятининг ўзига хос курорт-рекреация шароитларини ҳисобга олган ҳолда замонавий меҳмонхона мажмуаларини, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни қуриб, шунингдек, замонавий муҳандислик инфратузилмасини яратган ҳолда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Ташкил этилаётган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси Ўзбекистондаги шу каби зоналар ичида биринчи ва ягоналиги боис, эркин туристик зоналар мамлакатимиз учун инновация характерига эга ҳисобланади.

Фармонда ваколатли вазирлик ва идораларга эркин туристик зонани ривожлантириш бўйича ҳудудда хавфсиз туризмни таъминлаш концепциясини, шу жумладан, интеллектуал транспорт, геоахборот тизими ва бошқаларни жорий этиш бўйича таклифларни киритиш каби бир қатор чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган бир қатор топшириқлар назарда тутилган:

Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири унинг эркин иқтисодий зона ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга қаратилганлиги ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига кредит ва фоизларни узишнинг қулай шартларини тақдим этишни ўз ичига олувчи 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит линиялари очишни таъминлаш топширилган.

Фармоннинг қабул қилиниши замонавий инфратузилмани изчил ривожлантириш, тақдим этиладиган туристик, меҳмонхона ва транспорт хизматлари сифатини ҳамда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудига ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий туристлар учун хизматлар даражасини яхшилаш мақсадида хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича масалаларни ҳал этишни тезлаштиришга имкон беради.

Фармоннинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама