Чиноз туманида 30 та бўш турган объект ишга туширилади
17 октябр 2017, 19:14 441 кўрилди

alt

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан ўтказилган хатловлар Чиноз тумани ҳудудида аввал хусусийлаштирилган ҳамда бугунги кунда бўш турган 41 та объектлар мавжудлигини кўрсатди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар беради.

Мазкур объектларнинг жами қурилиш майдони 52,3 минг кв.м.ни, эгаллаган ер майдонлари 48,2 гектарни ташкил этади. Ушбу объектлар қаторига собиқ «Керамзит шағал корхонаси», «Мебель фабрикаси» ва «Чиноз бош пиллахонаси» каби йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам киритилган.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитасининг маълум қилишича, ҳозирда Чиноз туманидаги бўш объектлардан 30 таси негизида мулкдорлар томонидан янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш таклифи берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 23 февральдаги ПҚ-2796 сонли қарорига мувофиқ, қурилиши тугалланмаган объектлар ва бўш турган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишни таъминламаган мулкдорларга нисбатан солиқ идоралари томонидан таъсирчан солиқ механизмларини қўллаш белгиланган.

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Шархлар
Реклама