Чет тили ўқитувчиларини тестдан ўтказиш тартиби тасдиқланди
06 ноябр 2013, 16:55 1031 кўрилди

alt

Фото: Тоҳир Истатов (ЎзА)

 

Унга кўра, тест синовлари ўқитувчиларнинг чет тилидан малака ва уни билиш даражасини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.

 

Тест синовлари топшириқлари тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар, чет тилини ўқитиш методикаси, ёзиш, гапириш бўлимларидан иборат бўлади.

 

Ўқитувчилар тест синовларида иштирок этиш учун ариза билан Давлат тест марказига мурожаат қилади. Тест синовлари ўтказиладиган сана, вақт, жой ва унда иштирок этадиган ўқитувчилар рўйхати тест синовлари ўтказилишидан камида бир ҳафта олдин Давлат тест марказининг интернетдаги расмий сайтида эълон қилинади.

 

Тест синовлари ўтказиладиган куни Давлат тест марказининг тегишли рухсатномасига эга бўлмаган шахсларнинг тест синовлари ўтказиладиган биноларга кириши тақиқланади.

 

Ўқитувчилар тест синовлари ўтказиладиган бино ва хоналарга паспорт асосида киритилади. Ўқитувчилар тест синови вақтида бир кишидан ўтиради.

 

Тест синовларига кечикиб келган ўқитувчилар тест синовларига киритилмайди ва қайдномада «келмади» деб қайд этилади. Тест синовларига келмаган ўқитувчилар тест синовларини топшириш учун умумий асосларда қайта мурожаат қилишлари лозим.

 

Ўқитувчи тест синови ўтказиладиган бинога қўлланмалар, луғат, жадвал, шпаргалка, компьютер, уяли телефон ва бошқа телекоммуникация воситаларини олиб кирган бўлса, тест синови вақтида тест материалларини бошқаларга узатса, уларга ёрдам берса, ўзаро гаплашса ёки саволлар китоби варақаларини йиртса, тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.

 

Тест синовлари жараёни видеотасвирга олинади. Видеотасвир тест синовлари жараёни бўйича эътирозлар бўлганда фойдаланиш учун Давлат тест марказида 3 йил давомида сақланади.

 

Тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар ҳамда чет тилини ўқитиш методикаси бўлимларидан ихтиёрий бири бўйича белгиланган максимал балнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган ўқитувчининг ёзма иши текширилмайди, ёзма иши текширилмаган ёки ёзиш бўлими бўйича белгиланган максимал балнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган ўқитувчи тест синовининг 2-босқичига қўйилмайди.

 

Тест синовининг 1-босқичи натижалари тест синови ўтказилган кундан сўнг икки ҳафта ичида эълон қилинади. Тест синовининг 2-босқичи унинг 1-босқичи натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафтадан кейин, бироқ икки ҳафтадан кечиктирмасдан ўтказилади. Гапириш бўлими бўйича белгиланган максимал балнинг камида 50 фоизини тўплаган ўқитувчи мазкур босқичдан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.

 

Тест синовлари натижалари ҳар бир бўлим бўйича алоҳида ва умумий балл кўринишида қайдномада акс эттирилади. Ҳар бир бўлим учун максимал балл 30 бални ташкил қилади.

 

Тест синовлари натижаларидан норози бўлган ўқитувчилар тегишли босқичлар бўйича натижалар эълон қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

 

Тест синовларининг барча бўлимлари бўйича белгиланган максимал балнинг 60 фоизи ва ундан ортиқ балл тўплаган ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган деб ҳисобланади.

 

Тест синовларининг ижобий натижаси 3 йил муддатга амал қилади. 3 йилдан сўнг ўқитувчи устама олиш ҳуқуқини берувчи тест синовларидан қайтадан муваффақиятли ўтиши лозим.

 

Тест синовларидан муваффақиятли ўтмаган ўқитувчи камида бир йилдан кейин тест синовларини навбатдан ташқари қайта топшириши мумкин. Бунда тест синовларини қайта топшириш учун ўқитувчи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида тўлов тўланади.

Шархлар