Cамарқанд ҳокими аҳолидан коммунал тўловларини тўлашни сўради
06 ноябр 2013, 17:35 1652 кўрилди

alt

Мазкур мурожаатномада табиий газ ва электр энергиянинг мамлакатимиз қимматбаҳо бойликларидан бири экани, мана шу бойликларни исроф қилмасдан, улардан оқилона фойдаланиш, кўрсатилган коммунал хизматлар, фойдаланилган табиий газ ва электр энергияси учун тўловларни вақтида амалга ошириш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги қайд этилган.

 

“Қишнинг, қорли-қировли ва изғиринли кунлари бошланиши билан табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолар, айниқса қарздорликнинг кун сайин ошиб бориши кўпчиликни безовта қилаётганлиги барчага аён. Ўз-ўзидан савол туғилади: бу муаммолар қаердан пайдо бўлмоқда ва қачон бунга барҳам берилади?”, деб савол ташлайди ҳоким.

 

 

Шукуровнинг таъкидлашича, табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммоларни бартараф этиш учун биринчи навбатда электр энергияси ва табиий газдан тўловларни тартибга келтириш талаб этилади. Бугунги кунда Самарқандда фойдаланилган табиий газдан жами 137 млрд. 486 млн. сўм қарздорлик мавжуд. Шундан аҳолининг қарздорлиги 121 млрд. 977. млн сўмни ташкил қилмоқда. Электр энергиясидан эса жами 94 млрд. 761 млн. сўм қарздорлик мавжуд бўлиб, аҳоли эса 78 млрд. 526 млн. сўм қарздор.

 

 

Ҳоким ана шу тўловлар ўз вақтида амалга оширилса, бу соҳадаги кўпгина муаммоларга ўз вақтида барҳам берилишига ишонтирмоқда.

 

Жорий йилнинг 1 октябрига қадар табиий газдан 1 млрд. 452 млн. сўмлик тўловларни вақтида амалга оширмагани учун 878 та жисмоний шахс бўйича материаллар вилоят хўжалик судига кўриб чиқиш учун тақдим қилинди. Электр энергиясидан 3 млрд. 729 млн. сўмдан зиёд қарздорлиги мавжуд бўлгани учун 17522 та хонадон соҳиблари жаримага тортилдилар. Аҳамиятлиси, бу фуқаролар орасида табиий газ ва электр энергиясига ноқонуний уланганлар ҳам мавжуд. Худди шундай қарздорлик табиий газ ва электр энергиясидан улгуржи фойдаланаётган корхона ва ташкилотлар, ошхонаю ресторанлар, ишлаб чиқариш тармоқларида ҳам жуда кўплаб кўзга ташланмоқда.

 

Шаҳар ҳокими коммунал соҳадаги бу муаммога барҳам бериш, кузги-қишки мавсумни беталафот ўтказиш учун маҳаллалардаги барча нуроний отахону онахонларни, фуқароларни, ёшларни фаолликка, дахлдорликка чақирган. Тўловларни вақтида амалга оширмаган ёки тармоққа ноқонуний уланганларга тушунтириш ишларини олиб боришга даъват этган. “Акс ҳолда андиша йўлини танлайдиган бўлсак, қарздорлар сони кундан-кунга ошиб, муаммо янада чуқурлашиб кетиши мумкин”, дейди ҳоким ўз мурожаатида.

 

 

Шархлар
тухтаев
  14 сентябр 2015, 12:40
хурматли Акбар Шукуров Сув ва газ хисоблагичларини электрет хисоблагичи каби олдиндан тулов смарт картали килинса яхши буларди
Реклама