Cамарқанд аҳолиси вилоят ҳокими билан суҳбатлашди
14 ноябр 2013, 19:07 739 кўрилди
alt
 
Бевосита мулоқот аввалида вилоят ҳокими “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент жараёни, вилоятда 2013 йил Инвестиция дастурининг бажарилиши ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
 
Қайд этилишича, 2013 йилда вилоятнинг етти тиббиёт бирлашмасида капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 53 умумтаълим мактаби реконструкция қилиниб, ўн биттаси капитал таъмирланди. 2013 йилда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 94 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлиб, йилнинг ўн ойи давомида 81 мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил этилди. Жумладан, вилоятдаги 158 касб-ҳунар коллежини юздан ортиқ мутахассислик бўйича битирган 60 минг 794 нафар ўғил-қизни ишга жойлаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имконият яратилди.
 
– Онлайн тарзида очиқ мулоқот ўтказилиши ҳақида бир ҳафта олдин вилоятдаги барча оммавий ахборот воситаларида эълон берилди, – дейди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаев. – Натижада бир ҳафта ичида аҳолидан 450, ҳокимликнинг интернетдаги веб-сайти орқали юздан ортиқ мурожаатлар қабул қилинди. Кўрсатув чоғида студиядаги телефонлар ва электрон манзил орқали икки юзга яқин савол олинди. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги айрим жамоат жойларида катта мониторлар ўрнатилиб, аҳоли ушбу телемулоқотни бевосита кузатиб бориш ва студияга боғланиб, савол билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Фуқароларнинг саволларига вилоят ҳокими ҳамда студияда жам бўлган вилоятдаги тегишли бошқарма ва идоралар раҳбарлари жавоб қайтарди.
 
Мазкур бевосита мулоқот чоғида баён этилган фикрлар, таклиф ва ташаббуслар фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги тобора ошиб бораётгани ҳамда улар жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш ҳамда аҳоли хабардорлиги даражасининг ўсишига хизмат қилади.
 
ЎзА, фото www.samarkand.uz
 
Шархлар
Реклама